Робахон Маҳмудова «Адолат» социал демократик партияси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

20 январь куни «Адолат» социал демократик партияси Сиёсий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз аризасига мувофиқ, Сиёсий Кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан партия Сиёсий Кенгаши раиси лавозимидан озод этилди.

Партия раислигига Маҳмудова Робахон Анваровна номзоди кўриб чиқилиб, Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.

Аввалроқ у Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилганди.

Эслатиб ўтамиз, Робахон Маҳмудова 2023 йилги президентлик сайловида «Адолат» партиясидан номзод сифатида иштирок этган. Овоз бериш натижаларига кўра, у 4,43 фоиз овоз йиғиб, амалдаги президент Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаганди.

Номзод ўз дастурида судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш, адвокатурани кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг эскирган моделини ўзгартириш, тиббиётни декоммерциализация қилиш тижоратдан ва ажралишларнинг олдини олиш масалаларини илгари сурганди.

Робахон Маҳмудова 2020 йил июль ойидан Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси (сайлов кампанияси ва сайлов даврида унинг судялик ваколатлари тўхтатиб турилган) лавозимида ишлаб келган.

У 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси, Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган. У Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ҳам бўлган.