Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 13 январь куни Тайванда бўлиб ўтган президентлик сайловлари юзасидан баёнот берди.

Вазирликка кўра, Ўзбекистон томони Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.

«„Ягона Хитой“ тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашимиз ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз», — дея таъкидлади ТИВ.

Ўзбекистон икки соҳил ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланишининг қатъий тарафдори ҳамда ХХР ҳукуматининг Хитойни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, дея қўшимча қилди вазирлик.

Тайвандаги сайловлар

Хитойдан мустақиллик ва АҚШ билан яқинлашиш тарафдори бўлган ҳукмрон Демократик тараққиёт партияси номзоди, амалдаги вице-президент Лай Циндэ (Уильям Лай номи билан ҳам танилган) Тайвандаги президентлик сайловида 40% дан ортиқ овоз билан ғалаба қозонди.

Фото: LETAФото: LETA

Унинг асосий рақиби Янги Тайпей мэри Хоу Юи эди, у консерватив Гоминьдан партиясидан чиққан ва Пекин билан фаолроқ дипломатик ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эди.

Овозларнинг 98 фоизини санаб чиқиш натижаларига кўра, Лай Циндэ 40,2 фоиз, Хоу Юи 33,4 фоиз овоз олди.