«НОҚулай шаҳар» лойиҳасининг навбатдаги сонида биз Тошкент қандай қилиб ўз аҳолисини, жумладан, ногиронлиги бор инсонларни, қарияларни, ҳомиладор аёлларни, фарзандларини аравачада олиб кетаётган ота-оналарни юқорига кўтарилиб, пастга тушишга мажбурлаётганини тасвирга олдик. Шунингдек, ерусти пиёдалар ўтиш жойлари олдида қандай хавфли муҳит юзага келиб қолганини кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Тошкент шаҳарсозлик нуқтаи назаридан муаммолари кўп бўлган шаҳар ҳисобланади. Лекин пойтахтдаги айнан ерусти пиёдалар ўтиш жойларини мазкур муаммоларнинг ўзига хос рамзи сифатида кўрсатиш мумкин. Айнан шу объектлар шаҳар ўз аҳолисини эшитмаётганини аниқ акс эттиради.

Одатда пиёдаларни ер устидан ўтказиб юбориш асосан йўллардаги тирбандликни камайтириш ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш каби сабаблар билан изоҳланади. Ўзбекистондаги йўл ҳаракатини ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатлар ва лойиҳаларда йўлларда устуворлик пиёдаларга берилгани айтилишини ҳисобга олсак, машиналар тирбандликда туриб қолмаслиги учун пиёдаларни юқорига кўтарилиб, кейин пастга тушишга мажбурлаш моҳиятан бунга тўғри келмайди. Ерусти пиёдалар ўтиш жойлари хавфсизликни ошириши ёки йўқлигига келсак, Тошкентдаги исталган бундай объект олдида бунинг аксини кузатиш мумкин.

Батафсил қуйидаги видеода: