Ўзбекистон бўйлаб метан заправкалари вақтинча кун давомида фақат 6 соат фаолияти олиб боради, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» компанияси ахборот хизмати.

Энергетика вазирлиги 8 декабрь аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилаётгани ва режага мувофиқ, улар соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлашини билдирганди.

12 декабрь куни «Ҳудудгазтаъминот» айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилаётганини билдирди. Шунинг учун бугундан АГТКШлар иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди.

«Ушбу чоралар вақтинчалик бўлиб, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ депутатларга жорий қишда энергетика инқирозининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилгани, юзага келиши мумкин бўлган газ ва электр қуввати тақчиллиги қайси манбалардан қопланиши ҳақида маълумот берганди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган қиш мавсумида газ танқислигининг энг юқори даражаси кунига 21,6 миллион куб метрга етган. 2023 йилда газ танқислигини ўтказиш қуввати 18−20 миллион куб метрдан 35−40 миллион куб метргача кўтарилган газ омборларидан тўлдириш, шунингдек, Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасига газ етказиб беришни кунига 5 миллион куб метрга қисқартириш режалаштирилган.

Зарур бўлганда, айрим газ қуйиш шохобчаларига (АГТКШ) газ таъминоти 30 фоизга қисқартирилади: ҳозирда улар кунига 15 миллион куб метр газ олади, 5 миллион куб метрга чекловлар жорий этилиши мумкин.

«Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президентга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.