Telegram`даги Ekolog.uz каналида Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги боғ ёқиб юборилгани ҳақида хабар берилди. Унда ёнғин оқибатида 1500 га яқин дарахтлар ёниб кетгани айтилади.

Хабарда мурожаатчи ушбу ҳолат юзасидан жиноий ва маъмурий иш очилмаётганидан норози бўлиб, тегишли ташкилотлардан эътибор қаратишни сўраган.

Кейинчалик Тошкент вилояти Экология бошқармаси Оҳангарон тумани бўлими вазиятни жойига чиқиб ўргангани маълум бўлди. Ўрганиш давомида мурожаатда таъкидланган ҳудуд «Ўзбекистон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган Оҳангарон дарёси муҳофаза минтақаси экани, ҳудудда номаълум шахс томонидан ўт ёқиб юборилгани аниқланган.

Ҳудуддаги мавжуд мевали ва манзарали дарахтлар ёниб кетиши оқибатида табиатга зарар етказилган. Бу билан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилган, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида инспекторлар томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Шавкат Мирзиёев март ойи бошида дарахтларга шикаст етказиш, жумладан, ноқонуний кесиш, илдизи билан қўпориш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун жарима миқдорини 5 баробарга оширувчи қонунни имзолаганди. Ўзгартишларга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларга зарар етказганлик учун фуқароларга — БҲМнинг 25−50 баравари (8,5−17 млн сўм), мансабдор шахсларга — 50−75 баравари (17−25,5 млн сўм) миқдорида жарима тайинланади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида дарахт экиш бўйича бошланган лойиҳага кўра, Нурафшон, Бекобод шаҳарлари, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратиш кўзда тутилган.