11 декабрь куни «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Анвар Жўраев автобус ҳайдовчиларининг мобил телефондан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган рейдда иштирок этди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Етти нафар ҳайдовчи автобусларни бошқараётганда телефондан фойдаланган. Йўл ҳаракати қоидалари ва ички меҳнат қоидалари қўпол равишда бузилгани сабабли улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Компания уларнинг исмларини ва ишлаган йўналишларни эълон қилди: 89, 135, 44, 43, 35, 46 ва 53-рақамли автобуслар.

«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчиларни автобус ҳайдовчисининг мобил телефондан фойдаланганига гувоҳ бўлган тақдирда, 1062 ишонч телефонига мурожаат қилишни ёки Instagram`да компаниянинг @toshbus саҳифасини белгилаган ҳолда пост ёки сторис қўйишни сўради.

«Биз, албатта, бу камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўрамиз», — деб таъкидлади компания.