Тошкент ИИББ ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра пойтахтнинг «криминал авторитети» мақомига даъвогарлик қилаётган Аббосхон Ходжаев қўлга олинди. Ушбу маълумот 28 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев томонидан тасдиқланди.

«Унинг жиноий гуруҳ ташкил этиб, авторитет мақомини қўлга киритиш учун ҳаракат қилгани тўғрисидаги ахборот тасдиғини топмоқда, — деди Дониёр Тошходжаев. — Тезкор кучлар томонидан мазкур уриниш бартараф этилди. У ҳибсга олинди, шериклари аниқланмоқда».

Аббосхон Ходжаевга нисбатан гиёҳванд моддаларни сақлаш айби эълон қилинди (Ўзбекистон Жиноят кодекси 273-моддаси (5-қисми) — гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш).

«Ишонтириб айтишим мумкинки, Тошкентда ҳеч кимнинг қонундан устун бўлишига йўл қўйилмайди. Конституция, Жиноят-процессуал кодекс, норматив ҳужжатлар, ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бор. Бу ерда «кўча"га ўрин йўқ. Ҳар қандай уриниш кескин бартараф этилади», — деди Дониёр Тошходжаев.

ИИББ сайти 13 сентябрда Аббосхон Ходжаевнинг қўлга олинганини хабар қилганди.