Фарғона вилояти Учкўприк туманида 2,8 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирган майнинг ферма фаолияти тўхтатилди, дея хабар бермоқда «Ўзенергоинспекция» матбуот хизмати.

Туманининг Боғибўстон маҳалласида фаолият кўрсатувчи МЧЖда фуқаро М.А. ўзбошимчалик билан электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб, майнинг қурилмаларини тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб олган.

Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, М.А. томонидан тизимга 2,8 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудларда электр энергияси ўғирланиши билан боғлиқ вазиятни танқид қилганди.

Хусусан, Навоий вилояти Кармана туманидаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та майнинг қурилмаси ўрнатилгани оқибатида 10 ой давомида қарийб 5,5 млн кВт·с электрдан ноқонуний фойдаланилган. Бунинг оқибатида давлатга 24,4 млрд сўм зарар етказилган.

Президент туман ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари 10 ойда ҳудудда шунча электрдан ўғирликни пайқамагани учун ишдан олганди.