Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Навоий вилоятининг Кармана туманидаги қурилиши тугалланмаган бинода майнинг қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Фуқаро Р.Э.И.га тегишли, умумий истеъмол қуввати 840,4 кВтни ташкил этадиган майнинг қурилмалари қуввати 630 кВАга тенг 2 та трансформаторга ўзбошимчалик билан уланган. Далолатнома расмийлаштирилиб, 24 млрд 415 млн 300 минг сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, президент томонидан сентябрь ойи бошида имзоланган қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда мазкур фаолият учун рухсатнома Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан берилади. Бундан ташқари, ИЛМА криптобиржа, майнинг-пул, криптодепозитарий ва криптодўкон фаолияти учун лицензияловчи органга айланган.

Аввалроқ Ўзбекистон депутатлари IMEI-кодларини клонлаш ва ноқонуний майнинг учун жавобгарлик тўғрисидаги ўзгартиришларни қабул қилганди.