Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудларда электр энергияси ўғирланиши билан боғлиқ вазиятни танқид қилди, дея хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мисол учун, Карманадаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та майнинг қурилмаси ўрнатилгани оқибатида 10 ой давомида қарийб 5,5 млн кВт·с электрдан ноқонуний фойдаланилган. Бунинг оқибатида давлатга 24,4 млрд сўм зарар етказилгани аввал хабар қилинган эди. Бу йил бошидан буён вилоятда очилган учинчи майнинг фермасидир.

Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари 10 ойда ҳудудда шунча электрдан ўғирликни пайқамагани, туманда ойлик истеъмол бирданига 5 фоизга ошганини таҳлил қилмагани танқид қилинди, дейилади хабарда.

Ушбу раҳбарларнинг барчаси ишдан олиниши белгиланди, Бош прокуратурага уларнинг ҳаракатига баҳо бериб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Мутасаддиларга ўғирликлар энг юқори бўлган ҳудудларда ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, электр энергиясидан ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланилганда майнерлар электр энергияси учун тўловни 2 баравар, тармоққа ноқонуний уланишда эса 5 баравар оширилган коэффициенти билан тўлашлари шарт. Истеъмол ҳажми ошган даврларда электр энергияси истеъмоли учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тарифларга қўшимча тўловлар қўлланилади.