Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон президентлари, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан ҳамда Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАП) ижрочи котиби Армида Алисжабана, шунингдек, фахрий меҳмон сифатида Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим Ал-Будайвий қатнашди.

бмт, марказий осиё, спека

Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида барча иштирокчиларни 1998 йилда Тошкент декларацияси билан таъсис этилган дастурнинг 25 йиллиги ҳамда БМТ Бош ассамблеясининг ушбу санага бағишланган алоҳида резолюцияси қабул қилингани билан дилдан қутлади.

Президент Озарбайжоннинг самарали раислигида СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Дастур доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилинди.

«Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ва Венгрия билан саноат кооперацияси ва инфратузилма бўйича йирик дастурларни амалга оширмоқдамиз. Қўшма инвестиция компанияларини ташкил этиб, молиялаштириш механизмларини йўлга қўйдик. Чегара ҳудудларида замонавий савдо-логистика марказлари ва махсус иқтисодий зоналар барпо этилмоқда», — деди президент.

бмт, марказий осиё, спека

Ўзбекистон раҳбари глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган хавф-хатарларга эътибор қаратиб, СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор амалий ташаббусларни илгари сурди.

Президент ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш ва дастурнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

У БМТ Европа иқтисодий комиссияси ҳамда ЭСКАП экспертлари билан биргаликда «СПЕКА-2030» тараққиёт концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Давлат раҳбари минтақавий савдони рағбатлантириш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини техник тартибга солиш чораларини уйғунлаштириш борасида жаҳондаги энг илғор тажриба ва амалиётларни жорий этишни назарда тутадиган қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсад мувофиқлигини таъкидлади.

бмт, марказий осиё, спека

Ушбу чораларнинг қабул қилиниши, президентнинг фикрича, давлатлар ўзаро савдо айланмасини 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга, унинг таркибидаги саноат маҳсулотлари улушини эса 70 фоизга етказиш имконини беради.

«„Яшил“ иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, „ақлли“ қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини келгуси йилнинг ўзида ташкил этиш ва унинг амалий ишини йўлга қўйиш муҳим. Жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан фаол ишлаши, устувор лойиҳа ва дастурларга молиявий ресурслар ва грант маблағларини энг мақбул шартларда жалб этиши лозим. Ўзбекистон ҳам уни шакллантириш учун ўз молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўзаро боғлиқ транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳақида сўз юритаркан, Транскаспий мультимодал йўлаги доирасида маълумот алмашиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган «йўл харитаси»ни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

У келгуси йилда Ўзбекистонда «Рақамли транспорт маршрутлари» халқаро форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Шунингдек, БМТ ихтисослашган институтлари билан минтақада транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича йирик лойиҳаларни фаол илгари суриш нияти билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси СПЕКА доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини тузишни ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказишни таклиф этди.

«Ушбу тадбирнинг кун тартибидан етакчи агросаноат корхоналаримиз ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-технологик алмашувларни рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган илғор ечимларни жорий этиш, „экспресс“ йўлакларни ишга тушириш каби масалалар асосий ўрин эгаллайди», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон раҳбари сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, СПЕКАнинг кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини — кўп томонлама «Яшил стратегияси»ни қабул қилиш вақти келганини кўрсатиб ўтди. «БМТ таҳлилларига кўра, сув тақчиллиги туфайли минтақамиз давлатлари ҳар йили қарийб 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Бундай мураккаб жараён янада кучайса, муаммолар комплекс ҳал этилмаса, келгусида аҳоли жон бошига сув билан таъминлаш кўрсаткичи 25 фоизга, ҳосилдорлик эса 40 фоизга қисқариб кетиши мумкин», — деди президент.

Давлат раҳбари гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Ишбилармон хотин-қизларнинг фаол ташаббусларини ва аниқ режаларини доимий ва тизимли рағбатлантириш мақсадида СПЕКА Тадбиркор аёллари кенгашини тузишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, президент ушбу кенгаш доирасида мамлакатлар равнақи ва иқтисодий тараққиётига, умумий ҳамкорликка ҳисса қўшиб келаётган аёлларни «СПЕКА эътирофи» халқаро мукофоти билан тақдирлаш ташаббусини илгари сурди.

бмт, марказий осиё, спека

Ўзбекистон етакчиси ҳамкасбларга, Европа иқтисодий комиссияси ва ЭСКАП раҳбариятига мурожаат қилар экан, СПЕКА доирасида Афғонистон билан ишчи алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликни қайта тиклашга чақирди.

«Ушбу мамлакатни ўз муаммолари билан якка қолдириш мумкин эмас. Амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди», — деди у.

Сўзи якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқларининг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида СПЕКА минтақавий дастури доирасидаги кўп томонлама шерикликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.