БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этиш учун Бокуга борган Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни амалий ташрифи доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, жумладан, олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Тизим ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

илҳом aлиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошган. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашди. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

илҳом aлиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан музокараларда қуйидагиларни таклиф этди:

  • Озарбайжон президентини 2024 йилда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни;
  • 2024 йилни Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йили деб эълон қилишни;
  • 2024 йил учун ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг 10 та янги йўналишини;
  • ахборот маконида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун икки мамлакат Президент администрацияларининг тегишли хизматлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйишни;
  • Илҳом Алиевни 2025 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» саммитида бош фахрий меҳмон сифатида иштирок этишни.