Ўзбекистон март ойида ҳам олтин савдоси бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади, дея хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council).

Очиқ маълумотларга кўра, ой давомида марказий банклар томонидан соф олтин харидларининг жами ҳажми 16 тоннани ташкил этган. Талаб юқорилигича қолмоқда: харидлар ҳажми 40 тоннага етди, сотувлар ҳажми эса 25 тоннани ташкил этди.

Скрин: Жаҳон олтин кенгаши сайтиСкрин: Жаҳон олтин кенгаши сайти

Барча асосий харидорлар ривожланаётган бозорларга эга мамлакатлар ҳисобланади. Туркия Марказий банки захираларини 14 тоннага, Ҳиндистон ва Хитой Марказий банклари эса 5 тоннага оширди. Кейинги ўринларда Қозоғистон ва Сингапур бормоқда — ҳар бири 4 тоннадан.

Март ойида Ўзбекистон 11 тонна олтин сотди ва бу бўйича Таиланд (10 тонна) ва Иорданияни (4 тонна) ортда қолдирди.

Ўзбекистон Марказий банки 12 тонна олтин сотиб, февраль ойида ҳам дунёда биринчи ўринни эгаллаганди.

2023 йил якуни бўйича эса Ўзбекистон дунёда иккинчи энг кўп олтин сотган мамлакат бўлганди. Олтин бўйича соф савдо 25 тоннадан ортиқни ташкил этиб, биринчиликни эгаллаган Қозоғистондан икки баробар кам кўрсаткич қайд этилганди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, март ойида Ўзбекистон 1,35 млрд долларлик, йил бошидан буён эса 2,66 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Бу мамлакат умумий экспортининг 41,7 фоизини ташкил этади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг расмий захира активлари март ойида 1,99 млрд долларга кўпайган ҳолда 34,19 млрд долларни ташкил қилди. Ой давомида захирадаги қимматбаҳо металнинг физик ҳажми 10,9 тоннага камайди ва 2022 йилнинг май ойидан бери минимал даражага етди.