Ўзбекистонда энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтади. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов президентга берган ахборотида маълум қилди.

22 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида энергетика тизимининг қиш мавсумига тайёргарлиги билан яқиндан танишди.

Қайд этилишича, «йил бошида келган аномал совуқдан хулоса қилиб», тизим салоҳияти оширилди. Аввало, ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди.

жўрабек мирзамаҳмудов, шавкат мирзиёев, энергетика

«Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

2023 йилнинг ўтган даврида 675 мегаваттли электр қувватлари ишга тушди. Республика бўйича 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.

Таъкидланишича, аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинди. Ерости омборларида етарлича газ захираси жамланди.

Президент совуқ кунларда энергия ресурсларига бўлган талабни кафолатли таъминлаш мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитди.

Энергетика вазири ажратилган маблағ эвазига 2023 йилда қилинган ишлар ва яратилган захира, кунлик истеъмол ва уни таъминлаш мўлжаллари тўғрисида ахборот берди.

Қайд этилишича, энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтади. Яқин ойларда 1 минг 700 мегаваттли 8 та қуёш ва шамол электр станцияси, Сирдарёда 500 мегаваттли газ турбинаси ишга туширилади. Сурхондарёдаги Шарғун конида 900 минг тонна кўмир қазиб чиқариш бошланади.

Шунингдек, суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабель ва бошқа зарур воситаларнинг захираси тайёрлаб қўйилган.

Давлат раҳбари энергия манбаларини барқарор етказиб бериш, шу билан бирга, тўлов интизомини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Ноқонуний уланишларга чек қўйиш, об-ҳавога қараб, илиқ кунларда энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тадбирда «Ўзтрангаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ҳам ахборот берди.