Фарғона вилояти Бағдод тумани ҳокими ўринбосари педагогика коллежи зиммасига юкланган 2024 йилги газета ва журналлар обуна режасини бажаролмагани учун муассаса директорини калтаклади. Бу ҳақда «Kun.uz»га коллеж директори Шуҳрат Қосимов маълум қилди.

Жанжал 14 ноябрь куни Боғдод тумани ҳокимияти биносида юзага келган. Туман ҳокимининг ўринбосари бошчилигида эрталаб соат 8:00 да обуна масаласида йиғилиш бўлиб ўтган.

Директорнинг сўзларига кўра, шу вақтгача маҳаллий ҳокимликлар томонидан ижтимоий соҳа вакилларининг деярли ҳаммаси, айниқса мактаб, коллеж, лицей ходимлари доимий равишда мажбурий обунага жалб этиб келинган. У, шунингдек, йилига 3 ой учун 5−5,5 млн сўм обуна пулини тўлагани, лекин бу сафаргиси жуда ошиб тушгани, яъни 24 млн сўмлик план беришганини айтган.

мажбурий обуна
Боғдод туман ҳокимияти обуна учун қўйган йиллик режанинг газета ва журналлар тақсимотидаги суммалари / Фото: Шуҳрат Қосимов.

«Мен 5,5 млн сўмлик қилганимни, лекин 24 млн сўмликка улгурмаганимни айтдим. Ўқитувчиларга бу ишни қилдира олмаслигимни айтдим. Кейин ҳоким ўринбосари: «ўқитувчиларга нега қилдирмаяпсиз, улар ҳам биттадан тўлашса, уриниб қолишмайди, ҳаммаси «премия» олади, ман «премия»ларини ҳам текширтираман, биттадан қилишга мажбурсизлар», деди. Мен ҳам бундай қилишга ҳаққим йўқлигини айтиб туриб олдим. Апрел ойида ўзимда пул бўлади, қолганини майли қилиб бераман деб тушунтиришга уриндим», — деди коллеж директори.

Унинг айтишича, шундан сўнг ҳоким ўринбосари костюмини ечиб, директор олдига борган ва «сиз топшириқларни бажармаяпсиз», деган.

«Нима қилиб топшириқларни бажармаяпман дейишимни биламан, ўнг томон юзим, жағимга мушт келиб тушди. Йиқилиб, ҳушимдан кетдим. Кейин шу вақтда олдимга ходимлар келиб, котибанинг хонасига олиб тушиб қўйишган экан. Бошим айланиб, кўнглим айниб қолганди. 4−5 дақиқа тинч ўтиргач, ҳокимнинг олдига тушдим. Бўлган воқеани айтиб бердим, лекин бефарқ бўлишди», — деди Шуҳрат Қосимов.

Зарбадан сўнг ўша куни Қосимовнинг аҳволи оғирлашган, қон босими кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қилган. Тез ёрдам чақирилгач, унга гипертония ташхиси қўйилиб, дастлабки муолажалар қилинган. Шундан кейин шифохонага ётқизилган.

Айни вақтда коллеж директори шифохонада даволанмоқда. Шифокорларга кўра, директорнинг миясида чайқалиш ва ўнг жағ қисмида шикастланиш бўлган. Суриштирув давомида мажлисда бевосита иштирок этган ва жанжалга гувоҳ бўлган ходимлар ҳоким ўринбосарининг коллеж директорини урганини тасдиқлашган.

Вазирлик муносабати

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат бўйича муносабат билдираркан, буни профессионал таълим тизимига масъул сифатида ташвишли деб баҳолади ва кескин қоралади. Вазирлик ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши ва бу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилиши керак деб ҳисоблайди.

«Вазирлик газета ва журналларга мажбурий обуна ташкил этилишига мутлақо қарши бўлиб, бундай ҳолатларга қарши кураш, олдини олиш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида доимий тушунтириш ишлари олиб боради. Агар таълим муассасаларида газета-журналларга мажбурий обуна ҳолатлари аниқланса, қонун доирасида зарур чоралар кўрилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган», — дейилади баёнотда.

Вазирлик, шунингдек, таълим муассасалари ўз имкониятларидан келиб чиқиб, муассасага мазкур мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида истаган ва зарур деб ҳисоблаган босма нашрларга ихтиёрий равишда обуна бўлишлари мумкинлигини билдирди. Бунда профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва ўқувчи-талабаларни мажбурий обуна қилдириш қатъий тақиқланади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда.