Режиссёр Руслан Солиев томонидан суратга олинган жадидчилик тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи «Армон» ҳужжатли-мусиқий фильми YouTube’га чиқарилди.

Фильм жадидчиликка асос солиниши тарихи, унинг намоёндалари тақдири, 1917 йилги сиёсий воқеаларининг ислоҳотчилар ҳаракатига таъсири, шунингдек, жадидларнинг Ўзбекистон тарихида қолдирган изи ҳақида ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги маърифатпарварлик ҳаракатларига ҳам тўхталинган.

Жадидчилик ҳаракатини ўрганувчи тадқиқотчилар, шунингдек, маърифатпарварларнинг авлодлари — Ҳамидулла Болтабоев, Қаҳрамон Ражабов, Дилором Алимова, Бахтиёр Ҳасанов, Тимур Хўжаўғли, муфтий Нуриддин Ҳолиқназаров, Сулаймон Иноятов, Хондамир Қодирий, Кристофер Жеймс Форт, Нигора Раҳимжонова, Азалшоҳ Ҳамроев, Мавлуда Раҳмонова, Рудольф Бархет, Шоҳруҳ ва Фаррух Беҳбудий, Гавҳар Зокирова, Шуҳрат Саиджонов, Фурқатбек Яквалҳожиев, Адиб Холид, Марианна Камп, Сергей Абашин, Марк Риз — фильм давомида XIX-XX асрларда рўй берган тарихий жараёнлар ҳақида ўз ҳикоялари билан бўлишган.

Фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия ва Туркия давлатларида амалга оширилган. Фильмда ўзбекистонлик ижодкорлар (хусусан, актёр Эркин Бозоров ва жамоат фаоли Саид-Абдулазиз Юсупов) билан бир қаторда бошқа мамлакатларнинг санъаткорлари (жумладан, тожикистонлик Манижа, қозоғистонлик Асқар Илясов) ҳам суратга тушган.

«Улкан жамоа бутун қалби билан киришган ушбу лойиҳани тугатиш учун икки йилдан ортиқ вақт кетди. Бу мураккаб ва дардга тўла фильм. 1,5 соат давомида ҳамма қаҳрамонлар ва барча воқеалар ҳақида тўлиқ ҳикоя қилиб бўлмайди, албатта. Лекин жадидчилик мавзуси трендда эканлиги мени чин дилдан қувонтиради. Маърифатпарварлар ҳақида қанча кўп ҳикоя қилинмасин — шунча оз, чунки жадидлар хотираси олдида жуда қарздормиз. Умуман, бугунги таҳликали замонда бу ўта муҳим мавзу», — дейди фильм режиссёри Руслан Солиев.

Фильмнинг YouTube’даги премьераси 20 ноябрь куни соат 20:00 да бўлиб ўтди. Фильмни ушбу ҳаволага ўтиб ёки қуйида томоша қилиш мумкин: