Тошкентда Бунёдкор шоҳкўчаси ва 2-Қатортол кўчаси чорраҳасида — шаҳар божхона бошқармаси ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти рўпарасида «замонавий» йўл ўтказгич қуриш таклиф қилинмоқда. Бу Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан, янги ёндашувлар, инновацион ва «яшил» технологиялар ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Мақсади «мунтазам юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш» дея таъкидланган мазкур таклиф президентнинг 3 июлдаги қарорида ҳам акс эттирилганди. Лойиҳани 2024−2025 йилларда республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Фото: Яндекс.ХаритаФото: Яндекс.Харита

Шавкат Мирзиёев аввалроқ шаҳарда 12 та янги йўл ўтказгич қурилишини маълум қилганди.

Эксперт Иля Петушков «Газета.uz» учун ёзган мақоласида кўп поғонали чорраҳалар қурилиши кўча ҳаёти концепциясига мос келмаслиги ва шаҳар муҳитининг сифати, ҳудуддаги фаоллик ва унинг ҳаётга тўлалигига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Шунингдек, «Газета.uz» шу кунгача қурилган йўл ўтказгичлар мисолида улар қанчалик кўп жой эгаллаши ва қандай қилиб шаҳар муҳитини ёмонлаштиришини кўрсатиб берган.

Эътиборли томони, йил бошида Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳар транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва транспорт ҳаракатини бошқаришнинг рақамли тизимини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Ҳужжатда (у кейинчалик қабул қилинмаган) таъкидланишича, шаҳар ичидаги йўл ўтказгичлар ортиб бораётган тирбандликни енгишга ёрдам бермайди. Сўзма-сўз иқтибос келтирамиз: «шаҳар ичида қуриладиган барча йўл ўтказгичлар кейинги чорраҳаларда транспорт оқимини кескин ошиб кетиши ва тирбандликларни юзага келтиришга сабаб бўлмоқда». Йўл ўтказгичлар қуриш фақат шаҳарларга кириш жойларида ва йўлларнинг темирйўл билан кесишган жойларидагина мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Газета.uz» билан суҳбатда гапириб ўтганди.