Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Газета.uz»га берган интервьюсида яқинда президент Шавкат Мирзиёевнинг тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисалари кузатилаётган йўлларда «светофорсиз эстакадалар» қуриш бўйича уч йиллик дастурни қабул қилиш тўғрисида берган топшириғи юзасидан тушунтириш берди. Бу дастур мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш бўйича ишлаб чиқилаётган ҳужжатга киритилиши керак.

«Cветофорсиз эстакадалар» «вилоятлараро магистраль йўллар, бутун республикани кесиб ўтувчи йўлларда» қурилиши режалаштирилган.

«Эстакадалар деганда [шаҳарлар ичидаги] йўл ўтказгичлар ёки кўприклар назарда тутилмаяпти, гап бурилиш ёки қайрилиш йўл ўтказгич орқали амалга оширилиши учун ҳаракатни чапга бурилишсиз ташкил қилиш ҳақида кетяпти. Шундай ечимлар бор. Ҳатто шаҳарларда ҳам, Тошкентда ҳам — «бетонка»да ёки бошқа жойларда… Шу назарда тутиляпти», — деди транспорт вазири.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лойиҳачилар ва олимлар кейинчалик бундай эстакадалар қуриш бўйича таклифлар киритиши учун Ўзбекистон бўйлаб йўлларни инвентаризациядан ўтказиш, «тирбандлик кузатиладиган, машиналар йиғиладиган ва йўл-транспорт ҳодисалари содир бўладиган ўчоқларни» аниқлаш топшириғини берган. Барчаси илмий асосланган тарзда бўлади, «тартибсиз» ва маъносиз қурилиш бўлмайди, деди Илҳом Маҳкамов.

Мисол тариқасида у Тошкент-Самарқанд йўлини келтирди, бу ерда тирбандлик кўп, шу сабабдан шаҳарлар орасидаги қатнов вақти кўпайган. «Унинг ўтказувчанлигини кичик ҳудудлар билан оширса бўлади. Бурилишларни олиб ташлаш ва юк машиналари фақат ўнг тарафда ҳаракатланиб, иккинчи ва учинчи қаторларни эгалламайдиган шароит яратиш мумкин», — деди вазир.

«Яъни агар магистраль йўл бўлсаю, унда қайрилишлар бўлса, бу ҳолатда автомобиллар қайрилаётган вақтда ҳаракатга халал беради ва авариявий вазиятларни юзага келтиради. Бунинг ўрнига, айтайлик, ўнг томонда йўлни айланиб кесиб ўтувчи бўлак бўлади, худди шу бўлакнинг давомида чапга бурилиш ёки қайрилиш бўлади. Гап кейинчалик бошқа жойларда тирбандликни келтириб чиқарадиган чорраҳалар ёки йўл ўтказгичлар қурилиши ҳақида кетаётгани йўқ», — дея аниқлик киритди у.

Фото: Транспорт вазирлигиФото: Транспорт вазирлиги

16 сентябрь куни Илҳом Маҳкамов ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти раҳбари Бекмурод Абдуллаев, ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Жамшид Турсунов ва бошқалар билан йиғилишда иштирок этди.

«Ҳамма жойда штаб ташкил этилиб, инвентаризация бошланди. Биринчи навбатда магистраль йўллар. Аниқлайдиган муаммоли нуқталаримиздан келиб чиқиб, қанча йўл белгилари керак, қаерда белгилар етишмаяпти, стандартга кўра қайрилишлар қаерда бўлиши керак, қаерда йўқлиги бўйича вазифаларни белгилаб оламиз. Шундан келиб чиқиб бу эстакадалар бўйича ечимлар лойиҳалари тайёрланади, агар гап айнан эстакадалар ҳақида кетаётган бўлса», — деди вазир.

Россия, Туркия ва Жанубий Корея каби давлатлардан хорижий экспертларни таклиф этиш режалаштирилмоқда, дея қўшимча қилди у президентнинг мутахассисларни жалб қилиш бўйича топшириғига изоҳ бериб.

Шаҳарлардаги йўл ўтказгичлар бўйича мезонлар қабул қилинади

Тошкент ва бошқа шаҳарларга келсак, ҳозирда Транспорт вазирлиги шаҳарлар чегараларининг қайси қисмида йўл ўтказгич ва кўприклар қурилиши мумкин бўлиши бўйича мезонларни ишлаб чиқмоқда.

«Мен лойиҳачилар, Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳри бўйича лойиҳа офиси, Транспорт бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва хорижлик мутахассисларга йўл ўтказгичлар қаерда бўлиши кераклиги ва улар мегаполисларда қандай мақсадларга хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги илмий асосланган мезонларни ишлаб чиқиш топшириғини бердим», — дейди Илҳом Маҳкамов.

«Мана шу мезонлардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрини инвентаризациядан ўтказгандан сўнг биз ўша ўчоқларни, улар керак бўлган нуқталарни тўлиқ аниқлаймиз… Булар, биринчи навбатда, поездлар қатнови интенсив бўлган темирйўл билан кесишмалар, ўтиш жойлари ва чорраҳалар ҳисобланади. Яъни бу магистраль йўл бўлиб, темирйўл билан кесишса ёки, аксинча, бу темирйўлда интенсивлик юқори бўлса, у ерда, албатта, йўл ўтказгич бўлиши керак», — деди у.

«Иккинчиси — Тошкент ҳалқа автомобиль йўли. У кўплаб шаҳарга кириб келувчи йўллар билан кесишади. Масалан, Роҳат айланма йўли. Ёки вазият имконсиз даражага етадиган Ипподром, у ерга ечим керак. Фақат шундай қарорлар назарда тутилмоқда. Биз шаҳар маркази ёки чорраҳаларни назарда тутмаяпмиз», — деди вазир.

Йил бошида Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳар транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва транспорт ҳаракатини бошқаришнинг рақамли тизимини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини эълон қилганди. Ҳужжат кўп ойлар давомида ишлаб чиқилганди. Қарор ҳали қабул қилинмаган.

Ҳужжатда шаҳар ичидаги йўл ўтказгичлар ортиб бораётган трафик ва машиналар тўпланиб қолишини енгишга ёрдам бермаслиги қайд этилган. Сўзма-сўз келтирганда: «Шаҳар ичида қурилган барча йўл ўтказгичлар кейинги чорраҳаларда транспорт оқимининг кескин ошишига ва тирбандлик пайдо бўлишига олиб келади». Суҳбатда транспорт вазири ҳам буни қайд этди.

Унинг қўшимча қилишича, бу тамойиллар Тошкент шаҳрида 12 та йўл ўтказгич қурилиши, шунингдек, Ботир Зокиров (Абай) ва Навоий кўчалари чорраҳасида йўл ўтказгич қурилиши бўйича илгари эълон қилинган режаларга ҳам тааллуқли («Газета.uz» бунга қарши чиққанди).

«Айтиб ўтганимдек, ҳозирда мазкур йўл ўтказгичлар қаерда бўлиши кераклиги юзасидан мезонлар ишлаб чиқилиб, инвентаризация қилиш бошланди. Президент йўналиш беради. Бизнинг вазифамиз бунга илмий томондан, илмий асосда ёндашиш ва барчасини лойиҳада жиҳатидан тўғри ташкил этишдан иборат», — деди у.

«Газета.uz», шунингдек, Транспорт вазирлигидан Самарқанд шаҳрида аввал қурилганидан ташқари яна иккита йўл ўтказгич қуриш режаси бўйича изоҳ беришни сўради. Бизнинг мухбиримиз урбанист Искандар Солиев билан биргаликда улар қурилиши режалаштирилган жойларга борган ва у ерда йўл ўтказгичлар қуришнинг ҳожати йўқлигига амин бўлганди.

Қолаверса, бу йўл ўтказгичлар қурилиши Россиянинг SIMETRA компанияси иштирокида ишлаб чиқилган Самарқанд шаҳрининг транспорт Бош режасига киритилмаган. «Газета.uz» Бош режа қандай тайёрлангани ҳақида компания эксперти Владимир Валдин билан бир қатор интервьюларни эълон қилганди.