Тошкентда «илғор хорижий тажриба асосида» 12 та йўл ўтказгич қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти чоғида айтиб ўтган эди. Қурилиш майдончалари номлари келтирилгани йўқ. Бироқ яқинда шаҳар марказидаги Навоий ва Абай кўчалари чорраҳасида йўл ўтказгич қурилиши мумкинлиги айтилди ва бу аҳолини қаттиқ ташвишга солди.
Ўзбекистонда ҳар қандай чорраҳалар қурилишига «тирбандликлар» шиори остида амалга оширилмоқда, ваҳоланки, Тошкент, мамлакат ва дунёнинг бошқа шаҳарлари тажрибаси шуни кўрсатадики, йўл ўтказигичлар фақатгина транспорт оқимининг кўпайишига олиб келади ҳамда шаҳарлардаги вазиятни янада оғирлаштиради (бу атай қўзғатилган талаб деб аталади).
Урбанистлар йўл ўтказгич — тирбандликни битта чорраҳа нарига кўчиришнинг энг қиммат йўли, дейишни яхши кўришади. Чунки йўл ўтказгичлар битта участкадаги ўтказувчанлик қобилиятини оширади, холос. Аммо кўприклар ва туннеллардан сўнг ушбу участкадан тезда ўтиб бўлган барча машиналар оддий чорраҳаларга тақалиб, тирбандлик ҳосил қилишади — бу аксарият ҳолларда ушбу муаммо қиммат йўл ўтказгич қуриш орқали бартараф этилганидан ҳам ёмонроқдир.
«Газета.uz» ушбу материалда ҳар бири ўн миллионлаб доллар давлат маблағини талаб қиладиган йўл ўтказгичларни қуриш тирбандликни фақатгина кейинги чорраҳа ва кўчаларга ўтказишини кўрсатади. Бундан ташқари, кириш, чиқиш ва қайрилиб олишлар билан биргаликда йўл ўтказгичлар улкан майдонларни эгаллаб, уларни янада самаралироқ фойдаланиш мумкин бўлган ўлик бўшлиққа айлантиради. Ўзингиз кўринг.
Собиқ ТАПОиЧдаги йўл ўтказгич
Уч даражали ўтиш жойини қуриш лойиҳаси 140 млрд сўмга баҳоланган (ишлар бошланган 2018 йил май ҳолатига кўра, 17,5 млн доллар). Йўл ўтказгичнинг эълон қилинган ўтказувчанлик қобилияти соатига 20 минг автомобилни ташкил этади (бошқа йўл ўтказгичлар қурилиши эълон қилинганда ҳам худди шундай рақам тилга олинади).
Фото: Президент матбуот хизмати.
Ҳар куни юзлаб авариявий ҳолатларни келтириб чиқарадиган ҳамда ЙПХ ходимларига ҳайдовчиларни жаримага тортишига баҳона бўладиган нотўғри ўйланган йўл чизиқлари, ортиқча қаторлар ва навигациянинг мураккаблигини бир четга суриб турайлик.
Ҳозир Махтумқули — Мирзо Улуғбек, Паркент — Мирзо Улуғбек чорраҳалари ва Оҳангарон шоссесида минглаб автомобиллар улкан тирбандликларни ҳосил қилмоқда.
Тиғиз вақтларда ушбу участкалардаги назоратчилар машиналар оқимини светофор сигналларидан ташқарида ўтказиб юбориш орқали йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини икки-уч марталаб яшил чироқни кутишга мажбур қилишмоқда.
Бу ерда авариявий вазиятлар тез-тез содир бўлиб тургани боис кўпгина ҳайдовчилар мазкур йўл ўтказгичдан қочишга ва айланма йўлларни топишга ҳаракат қилишади.
Уч даражали йўл ўтказгич улкан майдонни эгаллаб, ёзнинг жазирама ойларида улкан қайноқ товага идишга айланади.
Майсазор билан қопланган жойлар — пойтахтнинг ҳар йили шунчаки сақлаб туришнинг ўзига катта миқдордаги маблағлар сарфланадиган минглаб квадрат метр қимматбаҳо ерлари ҳисобланади.
Майсаларни доимий равишда суғориш ва парвариш қилиш керак. Улардан ҳеч қандай тарзда одамлар манфаати учун фойдаланишнинг иложи йўқ. Йўл ўтказгичнинг ўзи ҳам асфальт, шикастланган панжаралар ва бошқа қисмларни янгилаш учун доимий харажатни талаб қилади.
Йўл ўтказгич, шунингдек, ҳудудни бир-биридан алоҳида-алоҳида ҳудудларга ажратиб қўйди. Пиёданинг қарши томонга ўтиши учун ярим соатгача вақти кетиши мумкин.
Йўл ўтказгич ва ўтиш жойларининг остидаги майдонлар ҳам фойдасиз. Кўча бўйлаб савдо объектлари, офислар, турар-жой кўчмас мулклари бўлганида эди, бу ерлар фойда келтираётган бўларди. Бироқ ҳозир бу ерларда ҳеч нарсани қуриб бўлмайди.
Бунёдкор — Фурқат — Себзор — Аҳмад Дониш автобани
Шаҳар бўйлаб автобан қуриш учун минглаб дарахтлар кесиб ташланди. Йигирма қаторли бу йўл ижтимоий алоқаларни узди. Шаҳар божхонаси, Сеул қирғоғи, Халқлар дўстлиги майдони, Себзор, Юнусобод метро бекати яқинида магистралнинг ўзида тирбандликлар юзага келмоқда.
Автобан кўприклари шаҳар ҳуснини бузади. Янги ТАПОиЧ йўл ўтказгичи озми-кўпми чиройлироқ кўринади, бироқ ушбу магистраль кўприклари атрофидаги муҳит депрессия манбаи бўлиши мумкин.
Одамлар ушбу ҳудуддан фойдаланишни истамайди. Бу ердан юриб бўлмайди: иссиқ, шовқин, газга тўлган. Навбатдаги юз минглаб квадрат метр яроқли ёр фойдасиз ётибди.
Бутун йўл бўйлаб енгил темир йўл транспорти ҳаракатланиши мумкин эди. Машиналар эмас, балки одамлар билан гавжум кўчалар бўлиши мумкин эди. Дарахтлар соясида ўлик майдон эмас, балки кафе ва дўконлар бўлиши мумкин эди.
Ўтган ўттиз йил ичида Тошкент минглаб километр йўлларни кенгайтирди, ўнлаб кўприклар қурди, миллионлаб дарахтларни кесиб ташлади, боғлар ва жамоат транспортини вайрон қилди.
Ўзимизни соя-салқин, қулай ва обод муҳитдан маҳрум қилиб, асфальтни ободончилик деб юрибмиз. Ҳар бир чорраҳаси тирбанд, ҳар бир пиёдалар йўлакчаси машиналар тўхташ жойига айланган шаҳарни автомобилистон десак нимаси ажабланарли?!
Шота Руставели — Муқимийдаги йўл ўтказгич
Бир вақтларда энг машҳур трамвай йўналишларидан бири қатнаган чорраҳада янги йўл ўтказгич пайдо бўлди. Эндиликда йўл ўтказгич чиқиш жойида — Бобур кўчаси билан чорраҳада тирбандлик ҳосил қилади.
Кўприк улкан майдонни эгаллаб олган. Унинг остида ҳеч нарса қуриб бўлмайди. Одамлар бу ерда пиёда юришни ёқтирмайди, чунки йўл ўтказгич кўчаларни, айниқса пиёдалар кўприги қурилиб, кесиб ўтиш масофаси каррасига узайган Шота Руставели кўчасини кесиб ўтишни ёқтиришмайди.
Кўприк ўша пайтда қурилаётган турар-жой мажмуаси деразаларининг шундоққина остида ўсиб, атроф-муҳит сифатини ёмонлаштирган.
Жанубий ва Шимолий вокзаллар
Пиёдалар шаҳарларида вокзаллар — шаҳарнинг энг гавжум жойлари ҳисобланади. Автомобил шаҳарларида эса фақат қатнов қисмлари гавжум банд бўлиши мумкин.
Пиёдалари йўқ шаҳарнинг бой бўлиши мумкин эмас. Нима учун? Чунки пиёда бирор қизиқарли витрина олдида тўхтаб, албатта ичкарига назар ташлайди. Пиёдалар дўконга кириш учун машина қўйиш учун жой излашлари шарт эмас.
Кўплаб дўкон ва кафелар бўлган Тарас Шевченко кўчаси шаҳарга Бунёдкор шоҳ кўчаси ёки собиқ ТАПОиЧдаги уч даражали йўл ўтказгич атрофидаги ҳудуддан кўра кўпроқ пул олиб келади. Буни тижорат кўчмас мулкини ижарага олиш нархлари ҳам тасдиқлайди. Тарас Шевченкода ҳар доим машиналар кўп бўлади ва тўхташ учун жой топиш қийин, бироқ у йўл ўтказгичли магистралларга қараганда пиёдаларни кўпроқ яхши кўради.
Агар шаҳар кўчалар ўрнига кенг йўллар қурса, кўприклар барпо этсаю пиёдаларга кўчаларни пиёда эмас, балки машинада кесиб ўтиш осонроқ бўлса, ҳар кимда машина олиш иштиёқи аланга олишни бошлайди.
Пиёдада муқобил танлов бўлса, у ҳеч қачон кўприк орқали ўтишни танламайди. Биринчидан, кўприкларда пиёдалар йўлаклари йўқ, фақатгина битта одам юриши мумкин бўлган ярим метрлик очиқ жойлар қолдирилади. Иккинчидан, кўприклар ёзда иссиқ, қишда совуқ, сершовқин, ёқимсиз ҳидлар анқийди. Агар кўприк бир нечта чиқишни ўз ичига олса, уни хавфсиз кесиб ўтиш имконсиз. Буларнинг барчаси шаҳарларда йўл ўтказгичлар учун жой йўқлигини кўрсатади.
КАҲЙ кўприги — Амир Темур
Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб йўл ўтказгич қурилганида Кичик ҳалқа йўли бўйлаб оқим тезлашади, деб тахмин қилинган эди.
Ҳозир эса кўприкдан чиқишда — Шароф Рашидов кўчаси билан кесишган жойда тирбандлик ҳосил бўлмоқда, кейин оқим «Малика» бозори олдидаги участкагача бориб тақалади.
Амир Темур кўчасининг ўзи деярли кун бўйи тирбанд бўлади. Кўприк остига светофор ўрнатиш ва чап бурилишларни очиш орқали ҳаракатни тартибга солиш мумкин эди, бироқ Ўзбекистонда узоқ қайрилиб олишларни жуда яхши кўришади.
2018 йилда Москванинг «Стрелка» конструкторлик бюроси эстакада остидаги майдонларни спорт ёки маданий тадбирлар ўтказиладиган жамоат жойларига айлантиришни таклиф қилган эди. Бироқ бу режалар амалга ошмади.
Юқорида тавсифланган муаммоларга ўхшаш муаммолар Тошкентдаги ҳар қандай йўл ўтказгич атрофида кузатилиши мумкин. Халқаро ва ўзимизнинг ёмон тажрибамизга эътибор бермай, фақат автомобиллар сонини кўпайтиришга таяниб, уларни қуришни давом эттириш узоқни ўйламасликдир.
Йўл ўтказгичларнинг қурилиши хазинани бўшатади, муаммоларни ҳал қилмайди, аксинча, кўплаб янгиларини келтириб чиқаради, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва шаҳарни худди шу ер ўрнида тадбиркорлик, ижтимоий, маданий ва бошқа объектлар жойлашганда олиб келадиган потенциал даромаддан маҳрум қилади.
Ривожланган жамоат транспорти, жумладан, пуллик тўхташ жойлари орқали автомобиллар сонини чеклаш, пиёдалар ва велосипедчилар учун шароит яратишгина кўчаларни тирбандликдан қутқаради.
Юқоридаги расмларга қараб, шаҳар йўл ўтказгичларни қуриш учун қандай майдонлардан воз кечаётганига назар ташлаб, «бунга арзийдими?» деган саволга жавоб бериб кўринг-чи.