2023 йилда Ўзбекистон давлат бюджетидан газ, электр, иссиқлик таъминоти, жамоат транспорти ва бошқа соҳаларга субсидиялар учун 31,06 трлн сўмдан (2,53 млрд доллар) ортиқ маблағ ажратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан муҳокама учун эълон қилинган, 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада маълумот берилган.

2023 йилда давлат бюджети харажатлари 282,1 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда, бу эса ҳукумат томонидан йил бошида белгиланганидан 24,4 трлн сўмга кўп ҳисобланади.

Харажатлар, жумладан, газ сотиб олиш (бозор нархларида) ва табиий газни ички бозорда сотишнинг (тартибга солинадиган тарифлар бўйича) ўртача нархидаги фарқни қоплаш учун қўшимча компенсация тўловлари ҳисобига кескин ошган. Агар йил бошида 14,2 трлн сўм ажратилиши кутилган бўлса, бу миқдор 4,6 трлн сўмга ошиб, 18,8 трлн сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,8 фоиз) ташкил этди. Бу миқдор электр энергияси бўйича компенсацияни ҳам ўз ичига олади.

Субсидиялар қуйидагиларга ажратилади:

  • газ ва электр энергияси — 18,8 трлн сўм;
  • иссиқлик таъминоти — 1,8 трлн сўм;
  • давлат-хусусий шериклик доирасида болалар боғчалари қурилиши — 2,77 трлн сўм;
  • жамоат транспорти (шаҳар автобуслари) — 705 млрд сўм;
  • аҳоли томонидан ипотека дастури бўйича уй-жой сотиб олишда дастлабки тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун — 1,17 трлн сўм.

Келгуси йилда субсидиялар ҳажмини 28,39 трлн сўмгача қисқартириш режалаштирилган:

  • газ — 9,5 трлн сўм;
  • электр энергияси — 2,5 трлн сўм (ҳозирда газ харажатлари таркибида қопланади, 2024 йил 1 июлдан эса марказлашган тартибда электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш функцияларини бажарадиган «Ўзэнергосотиш» компанияси пайдо бўлади);
  • жамоат транспорти — 1,5 трлн сўм;
  • болалар боғчалари — 3,04 трлн сўм;
  • иссиқлик таъминоти — 4,5 трлн сўм;
  • ипотека дастури бўйича — 1,5 трлн.

Иссиқлик таъминоти ва жамоат транспортига тўланадиган компенсациялар миқдорининг кескин ошишини 1 октябрдан бошлаб газ ва электр энергияси нархи ошгани, шу сабабли ИЭС ва автобуслар ёнилғини ошган нархларда харид қилаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Умумий ҳисобда 2024 йилда энергетика соҳасида субсидияларни 20,6 трлн сўмдан 16,5 трлн сўмгача қисқартириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, бошқа субсидиялар ва дастурлар бўйича харажатлар 31,8 трлн сўмдан 33,3 трлн сўмгача ошади.

Таққослаш учун: 2023 йилда бюджетдан нафақалар, моддий ёрдам ва компенсациялар учун 19,1 трлн сўм, илм-фанга 1,7 трлн сўм, спортга 2,3 трлн сўм, маданиятга 2,4 трлн сўм ажратиш режалаштирилган. Яъни умумий ҳисобда субсидиялар учун ушбу соҳаларга қараганда кўпроқ маблағ ажратилади.

Келгуси йилда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларида ишлаб чиқарилган ва реализация қилинадиган маҳсулотларга (мол гўшти, товуқ, балиқ таннархининг бир қисмини компенсация қилиш) субсидияларни 2,6 баробарга — 529,8 млрд сўмдан 200 млрд сўмгача қисқартириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Тошкент метрополитени йўқотишлари учун компенсация ҳам камайтирилади — 451,4 млрд сўмдан 324,2 млрд сўмгача. Аҳоли томорқаларини суғориш учун ерости қудуқларини бурғулаш учун компенсациялар ҳам 100 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача камайтирилади.

Шу билан бирга, фермер хўжаликлари томонидан сотиб олинган электр энергияси қийматининг бир қисмини қоплаш учун (100 млрд сўмдан 150 млрд сўмгача), янги меҳмонхоналар қуриш учун (1,9 млрд сўмдан 150 млрд сўмгача), талабаларнинг ТТЖларда яшаш харажатларини қоплаш учун (187,2 млрд сўмдан 200,3 млрд сўмгача), талабалар турар жойларини қуриш учун (74,2 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача) давлат бюджетидан кўпроқ субсидиялар ажратиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, гумусли ўғитни қўллаш (88,2 млрд сўм), картошка, пиёз ва полиз экинлари ҳосилини суғурталаш харажатларининг бир қисмини қоплаш (61,5 млрд сўм), пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга улар томонидан бевосита пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун субсидия ажратиш таклиф этилмоқда.

2019 йилнинг март ойида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz» учун ёзган мақоласида Ўзбекистон энергетика соҳасидаги нарх сиёсати қандай қилиб камбағаллар янада камбағаллашишига, бойлар эса янада бойишига олиб келаётганини тушунтирганди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда 1 кВт соат электр энергияси таннархи 970 сўм (2022 йил майига нисбатан +21,2 фоиз), газнинг бир куб метри таннархи эса 1890 сўм (+35 фоиз) эканини маълум қилган. Бундан бир неча кун аввал эса энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 кВт соат электр энергияси нархи 800 сўмдан ошишини таъкидлаганди. Эксперт нархларнинг шаклланиш занжирини очиқлашга чақирган.

Германияда ишлаётган энергетика соҳаси эксперти Равшан Хўжанов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида истеъмолчилар якуний нарх қандай шаклланаётгани ва давлат компаниялари ишлаб чиқариш ва етказиб беришда қандай устама қўйишини кўришлари учун энергия ресурсларининг бутун таннарх занжирини очиқлашга чақирганди. Маълумотлар яширин ва ноаниқ бўлса, жамоатчилик бунга шубҳа билан қарайди, деганди у.