Ўзбекистон Республикасининг биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркия республикасининг биринчи хоними Эмине Эрдоғаннинг таклифига биноан 15 ноябрь куни «Фаластинда тинчлик учун биргаликда» саммитида иштирок этди.

Истанбул шаҳрида Эмине Эрдоған раислигида ўтган давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг йиғилишида Малайзия маликаси Тунку Азиза, Бангладеш биринчи хоними Ребекка Султон, Босния ва Герцеговина биринчи хоними Сабина Комшич, Қатар Амирининг онаси Шайха Мўза бинт Носир ал-Миснид, Ливан бош вазирининг рафиқаси Мей Микати, Покистон бош вазирининг рафиқаси Садия Раҳматуллоҳ ва бошқа мамлакатларнинг юқори даражали вакиллари ҳам қатнашди.

Учрашув Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларига чек қўйиш ва Фаластин-Исроил низосига ечим топиш йўлида қатъий бирдамликни намойиш этиш мақсадида ташкил этилди.

Истанбулдаги «Фаластин учун тинчлик сари биргаликда» саммитида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева қуролли тўқнашувлар оқибатида барча қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди. Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган, минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.

«Фаластин диёрида юз бераётган даҳшатли воқеаларга томошабин бўлиб, жим қараб тура олмаймиз», — деди Зироат Мирзиёева.

«Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда. Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган кулфат ва қайғу-аламларни юракдан ўтказмоқда», — деди Ўзбекистоннинг биринчи хоними.

Биринчи хоним ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.

Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам ва якдил экани, унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Саммит якунида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг Ғазо сектори бўйича йиғилиши Яхши ният декларацияси қабул қилинди.