Россиянинг Ozon маркетплейси Ўзбекистонда сотувларни бошлади, буюртмаларни мамлакатнинг исталган ҳудудидан бериш мумкин, дея хабар қилди компания матбуот хизмати.

Биринчи босқичда Ўзбекистондаги харидорлар буюртмаларни ҳамкор етказиб бериш пунктлари орқали, шунингдек, «Ўзбекистон почтаси»нинг 1660 та бўлинмасида қабул қилиши мумкин, дейилади хабарда. Ўртача етказиб бериш муддати 12 кунни ташкил этади.

2024 йилда Ozon мамлакатда ўзининг логистика инфратузилмасини, жумладан, омбор мажмуалари ва етказиб бериш хизматларини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Компания, шунингдек, буюртмаларни қабул қилиш ва топшириш учун брендланган пунктларнинг франшиза тармоғини фаол ривожлантиришни режалаштирмоқда. «Ушбу инвестициялар буюртмаларни етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ва электрон тижоратни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга давлат. Биз аллақачон республика аҳолисига 100 млн дан ортиқ турдаги маҳсулотларни таклиф қиляпмиз ва уларга қулай онлайн харидлар учун янги имкониятлар тақдим этиш мақсадида инфратузилмани ривожлантиришни давом эттирамиз. Бизнинг Ўзбекистондаги асосий устувор вазифамиз товарларни мижозларгача етказиб бериш муддатини қисқартириш ва энг юқори даражадаги хизмат кўрсатилиши таъминлаш бўлади», — дея изоҳ берди Ozon компаниясининг МДҲдаги операциялар ва ривожланиш бўйича директори Алексей Сапон.

Ozon мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида маҳаллий тадбиркорлар учун ўқитиш тадбирларини ҳам ўтказади. Компания электрон тижоратни тартибга солиш, шунингдек, Ўзбекистонда трансчегаравий савдо механизмларини такомиллаштириш ишларида иштирок этишни режалаштирмоқда.

Ozon МДҲдаги бизнесини 2021 йилдан бери ривожлантирмоқда, компания Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўзининг логистика инфратузилмасига эга. Маркетплейсда китоблар ва кийим-кечаклардан тортиб озиқ-овқат ёки соғлиқни сақлаш маҳсулотларигача бўлган 20 дан ортиқ маҳсулот тоифалари мавжуд.