Ўзбекистон Марказий банки банк назорат қўмитасининг 10 ноябрдаги қарори билан Brio Group (Oson брендига эгалик қилади) масъулияти чекланган жамиятининг тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензияси амал қилиш муддати қайта тикланди.

Компания лицензиясининг амал қилиш муддати қўмитанинг 17 октябрдаги қарорига асосан вақтинчалик тўхтатиб қўйилганди. Ундан аввал эса регулятор Brio Group тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланганини маълум қилган.

Ўшанда ташкилот тўлов операцияларини амалга оширишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани таъкидланган. Шундан сўнг Brio Group «Газета.uz»га Марказий банкнинг қонунбузилиши учун қўллаган жаримаси бўйича изоҳ берган.

«Бизнинг компания қарийб 7 йилдан бери бозорда ишлаб келмоқда, биз ҳеч қачон кўрсатмалар ёки огоҳлантиришлар олмаганмиз, қоидабузарлик жарималарини ҳам тўламаганмиз. Бундан ташқари, регуляторнинг илтимосига биноан биз процедуралар доирасидаги барча маълумотларни тақдим этдик ва шаффоф ишлаяпмиз. Ҳуқуқшунослар жамоаси ҳозирда жарима масаласига аниқлик киритиш билан шуғулланмоқда», — дея таъкидлаганди Brio Group бош директори Фарҳод Маҳмудов.

Brio Group компанияси ОАВда хабарлар тарқалгач, Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ финтех-ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб трансчегаравий давлатлараро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқланиши ҳақида хат олганини қўшимча қилганди. Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизматлар кўрсатиш, ўйин хизматлари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар, шунингдек, бир қатор бошқа операциялар амалга ошириш тугатилишини англатади.

«5 сентябрдан биз ва барча тўлов ташкилотларига ҳамма халқаро сервисларни ўчириш мажбуриятини юклашяпти. Жаҳон миқёсидаги йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномаларимиз бор. Бундан келиб чиқадики, биз регулятор бозорни ёпиб қўяётганига асосланиб, барча келишувларни бир томонлама бекор қилишимиз керак», — деганди Фарҳод Маҳмудов.

«Бизни ушбу хизматларни, эҳтимол, маълум бир банкдан харид қилиш сари олиб боришмоқда. Агар қоидалар шаффоф, олдиндан айтиш мумкин ва ҳамма учун тенг бўлса, биз бу тизимга қарши эмасмиз», — дея қўшимча қилган Маҳмудов.

5 сентябрга келиб, Oson тўлов хизмати халқаро пул ўтказмалари ва хорижий хизматлар учун тўловларни вақтинча тўхтатди. Шу куннинг ўзида хизмат Марказий банк жарима санкциялари иши бўйича барча сўровларни қайтариб олишини ва жаримани тўлашини маълум қилди. Oson 5 сентябрдан мустақил равишда хорижий пул операцияларини амалга оширмаяпти, дея қайд этганди компания.

Ўз навбатида, Марказий банк ҳам содир бўлган воқеаларга муносабат билдирган. Oson тўлов хизмати қабул қилувчи ва жўнатувчи тўғрисидаги талаб қилинадиган маълумотларни қонунчиликда кўрсатилганидек акс эттирмагани учун жаримага тортилди, дейилган регулятор муносабатида.