Ўзбекистон Марказий банки биринчи марта тўлов ташкилотлари учун халқаро пул ўтказмалари бўйича чекловларга изоҳ берди.

Регуляторга кўра, Brio Group тўлов ташкилоти (Oson бренди) олувчи ва (ёки) жўнатувчи ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмаган, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг 31¹-банди талаблари бўйича ушбу турдаги халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш учун асосли ва имкони мавжуд бўлган зарурий чораларни кўрмаган.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш президент ёки ҳукуматнинг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин, дея таъкидлади Марказий банк.

«Бироқ, амалиётда „Brio Group“ МЧЖ (Oson) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган», — дейилади хабарда.

«Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан тўлов ташкилоти — банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ҳисобланади. Шунингдек, тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, тўлов хизматлари — тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди.

Шу муносабат билан тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас, дея қайд этган Марказий банк.

Регуляторга кўра, Ўзбекистонда халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.

«Марказий банк бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Марказий банк Oson`ни тўлов операцияларини амалга оширишда жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни бузгани учун жаримага тортгани маълум бўлганди.

Компания жаримага изоҳ бериб, Ўзбекистоннинг элликдан ортиқ финтех ташкилоти Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб трансчегаравий давлатлараро транзит операцияларини тақиқлаш тўғрисида хат олганини қайд этган. Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизматлар кўрсатиш, ўйин хизматлари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар ҳамда бир қатор бошқа операцияларни амалга оширишнинг тўхтатилишини англатади.

Сешанба куни Oson Марказий банкдан жарима тўлаш бўйича барча сўровларни қайтариб олишини ва регулятор томонидан қўйилган жаримани тўлашини эълон қилди. 5 сентябрдан бошлаб Oson мустақил равишда хорижий пул операцияларини амалга оширмаяпти, дея қайд этди компания.

Oson билан бир қаторда бошқа тўлов ташкилотлари, жумладан, PayWay ҳам халқаро пул ўтказмалари ва хорижий хизматлар учун тўловларни тўхтатди.

Марказий банк баёноти эълон қилинишидан аввал Ўзбекистон банклари веб-сайтларида Марказий банкнинг тўлов тизимларининг трансчегаравий транзит операцияларини тўхтатиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватловчи бир хил мазмундаги хабарлар пайдо бўлди. Уларда қарор молия тизими ва финтех бозорини хатарлардан, жумладан, санкциялар билан боғлиқ рисклардан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилгани айтилади.