5 сентябрдан Oson тўлов ташкилоти халқаро пул ўтказмалари ва хорижий хизматлар учун тўловларни тўхтатди. Бу ҳақда душанба куни кечқурун хизмат ўзининг мобил иловаси орқали хабар берди.

«Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Хизмат иши яқин вақтда тикланади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, PayWay тўлов платформаси ҳам барча халқаро йўналишларда, шу жумладан, Россиядан ва Россияга пул ўтказмалари вақтинча ишламаслиги ҳақида эълон берди.

«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мазкур йўналишларни вақтинчалик ўчириб қўйиш бўйича кўрсатма берди. Иловамизда мамлакат ичидаги тўловлар, Uzcard ва Humo ўртасида пул ўтказмалари, шунингдек, коммунал, давлат, алоқа ҳамда интернет хизматлари учун тўловлар ишлашда давом этади», — дейилади хабарда.

5 август куни кечқурун Oson «компанияга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра» хизмат Uzcard ва Humo тизимларидан вақтинчалик узилганини хабар қилганди. Носозликлар бартараф этилгани ҳақида 7 август куни кундузи эълон берилган. Oson бош директори Фарҳод Маҳмудовнинг Spot нашрига берган интервьюсида хизмат «ҳеч қачон фирибгарлик билан боғлиқ текширувлар рўйхатида бўлмаганини» таъкидланган.

Август ойи охирида Ўзбекистон Марказий банки Brio Group (Oson бренди) тўлов ташкилотини жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани учун жаримага тортгани маълум бўлди.

Компания жаримага изоҳ бериб, Ўзбекистоннинг элликдан ортиқ молия-технологиялари ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб давлатлараро трансчегаравий транзит операциялари тақиқланиши тўғрисида хат олганини маълум қилди. Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатиш, ўйин сервислари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар ҳамда бир қатор бошқа операцияларни амалга ошириш тўхтатилишини англатади.

«5 сентябрдан биз ва барча тўлов ташкилотларига ҳамма халқаро сервисларни ўчириш мажбуриятини юклашяпти. Жаҳон миқёсидаги йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномаларимиз бор. Бундан келиб чиқадики, биз регулятор бозорни ёпиб қўяётганига асосланиб, барча келишувларни бир томонлама бекор қилишимиз керак», — деди Фарҳод Маҳмудов.

Oson халқаро пул ўтказмалари бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. «Газета.uz» суҳбатдоши берган маълумотларга кўра, иловадан Ўзбекистонга пул ўтказиш учун Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари фойдаланади.