Brio Group (Oson бренди эгаси) компанияси Марказий банк томонидан қўлланган жарима санкциялари бўйича барча сўровларни қайтариб олиши ҳақида «Газета.uz»га хабар қилди. Бир кун аввал трансчегаравий тўлов хизматларини ўчириб қўйган тўлов хизмати Марказий банк томонидан белгиланган жаримани тўламоқчи.

«5 сентябрдан бери Oson хорижий пул операцияларини амалга оширмаяпти», — дейилади компания баёнотида.

Компания «тартибга солувчи органнинг қарори транзакциялар хавфсизлигини таъминлайди», — дея қайд этди ва Oson`га қўлланган жарима нима билан боғлиқ эканига изоҳ бермади.

«Биз фойдаланувчиларнинг тўловлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида регулятор билан биргамиз. Бу воқеа компанияга сезиларли зарба бўлди. Ҳозир СЕО сифатидаги асосий вазифам — юз нафардан ортиқ ходимларимни сақлаб қолиш, — дея изоҳ берди Oson асосчиси ва раҳбари Фарҳод Маҳмудов. Банклар билан биргаликда ҳозир бутун финтех дастурнинг функционалини тиклаш жараёнини бошлади, охир-оқибатда миллионлаб фойдаланувчилар жабрланмаслиги учун бизнинг олдимизда катта иш турибди».

Фарҳод Маҳмудов, шунингдек, компаниянинг етти йиллик фаолияти давомида улар «регуляторга нисбатан доимо ҳисобдор ва шаффоф бўлиб келганини» таъкидлади.

«Катта финтех ҳеч қачон пул транзакциялари учун таҳдид бўлмаган, бироқ у кенг қамровли менежмент ва технологияни ривожлантириш учун стратегик иродани талаб қилади. Банклар билан ишлаш тизими тармоқ учун катта имтиҳон, техник ва ҳужжатлаштириш томонлама мураккаб жараён. Биз бу борада ўзаро ҳамкорликка умид қиламиз ва охир-оқибатда бу ўзгаришларнинг барчаси бозор ривожланишини тўхтатиб қўймаслигига ишонамиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Ўзбекистон Марказий банки Brio Group (Oson бренди) тўлов ташкилотини жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани учун жаримага тортгани маълум бўлганди.

Компания жаримага изоҳ бериб, Ўзбекистоннинг элликдан ортиқ молия-технологиялари ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб давлатлараро трансчегаравий транзит операциялари тақиқланиши тўғрисида хат олганини маълум қилган. Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатиш, ўйин сервислари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар ҳамда бир қатор бошқа операцияларни амалга ошириш тўхтатилишини англатади.

«5 сентябрдан биз ва барча тўлов ташкилотларига ҳамма халқаро сервисларни ўчириш мажбуриятини юклашяпти. Жаҳон миқёсидаги йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномаларимиз бор. Бундан келиб чиқадики, биз регулятор бозорни ёпиб қўяётганига асосланиб, барча келишувларни бир томонлама бекор қилишимиз керак», — деди Фарҳод Маҳмудов.

Oson халқаро пул ўтказмалари бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. «Газета.uz» суҳбатдоши берган маълумотларга кўра, иловадан Ўзбекистонга пул ўтказиш учун Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари фойдаланади.