2023 йилнинг 1 январь ҳолатига давлат қарзи қолдиғи 29,2 млрд долларни ташкил этиб, 2022 йил давомида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 36,4 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2022 йил якуни бўйича «Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи»да маълумот берилди.

2022 йил якуни бўйича давлат ташқи қарзи 25,9 млрд долларни, давлат ички қарзи эса 3,3 млрд долларни ташкил этди. Давлат қарзи 2022 йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, доллар ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез суръатда, яъни 11,1 млрд долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.

давлат қарзи, ички қарз, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ташқи қарз

Давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил якунида 38 фоиз, 2022 йил якунида эса 36,4 фоизни ташкил этган. 2022 йил тўртинчи чорагида давлат қарзи 3 млрд долларга ошган (26,2 дан 29,2 млрд долларгача), 3 млрд долларнинг 2,7 млрд доллари ташқи қарз ҳисобланади.

Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботи бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.

давлат қарзи, ички қарз, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ташқи қарз

Эслатиб ўтамиз, «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон номидан ва кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

2022 йил давомида Ўзбекистон номидан ёки кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4,5 млрд доллар миқдорида ҳамда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 12 трлн сўм миқдорида белгиланганди.

«2022 йил давомида умумий қиймати 4,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги 23 та (шундан 2,5 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун) янги давлат ташқи қарз битимлари имзоланди ҳамда Давлат бюджетини молиялаштириш учун соф ҳажми 12 трлн сўм бўлган давлат қимматли қоғозлари чиқарилди», — дейилади вазирлик шарҳида.

давлат қарзи, ички қарз, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ташқи қарз

2022 йилда жалб қилинган ташқи қарз маблағлари (4 млрд 486 млн доллар миқдоридаги 23 та ташқи қарз битими) энергетика, аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация билан таъминлаш, автомобиль йўлларини ривожлантириш, темирйўл ва бошқа муҳим ижтимоий ва стратегик аҳамият касб этувчи лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилинган ва уларни Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби халқаро молия институтлари имтиёзли шартлардаги узоқ муддатли кредитлари ҳисобидан берган.

Давлат ички қарзи

Давлат ички қарзи қолдиғи 2022 йилда 599,4 млн долларга кўпайиб, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 3,3 млрд долларни (2021 йил якунида 2,73 млрд доллар эди) ёки ЯИМга нисбатан 4,1 фоизни ташкил этди. Шундан 13 трлн сўми давлат қимматли қоғозларига, 2,16 млрд АҚШ доллари эса давлат кафолатлаган ва ички мажбуриятлар бўйича давлат бюджетидан қайтариладиган қарзга тўғри келади.

давлат қарзи, ички қарз, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ташқи қарз

Давлат ташқи қарзи

Давлат ташқи қарзи қолдиғи 2022 йилда 2,4 млрд долларга ошиб, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 25,9 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 32,25 фоизни ташкил этди. Шундан Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз 19,8 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 76,5 фоизини, Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз 6,1 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 23,5 фоизини ташкил этди.