Тошкентда ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида 28 апрель куни «Сув ресурсларини комплекс бошқариш: қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» мавзусида панел мунозараси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, тадбирга БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска модераторлик қилган. Шунингдек, сессияда Швейцария элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари, ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рейхел Беш, Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров, Boston Consulting Group бошқарувчи директори ва ҳамкор Игор Алексев, Synergy Consulting ҳамкори Четан Капур, ACIR Жанубий Европа бўйича вице-президенти Эгор Жуняев ва бошқалар спикер сифатида иштирок этган.

«Мутахассисларнинг фикрича, 2040−2050 йилларга келиб, сув ресурсларига талаб ортиб бориши жаҳон иқтисодиётида таркибий ўзгаришларга олиб келиши муқаррар. Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзида 5 млрддан ортиқ одам у ёки бу даражада сув танқислигини бошдан кечиради. Панел сессия иштирокчилари сув танқислиги қишлоқ хўжалиги ва умуман иқтисодиётни ривожлантириш учун жиддий муаммога айланиши мумкинлигини таъкидлади», — дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, экспертлар Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун сув ресурсларини комплекс бошқаришнинг аҳамиятини муҳокама қилган. Бундан ташқари, сессия кун тартибидан сув ресурсларини комплекс бошқариш механизмларини самарали жорий этиш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар масаласи ҳам ўрин олган.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа давлатлардан оқиб келади, атиги 20 фоизи мамлакатда ҳосил бўлади.

«Бундан 30−40 йил аввал яратилган инфратузилма эса жиддий модернизацияни талаб қилади. Сув ресурслари билан таъминланиш камайиб, янги объектлар ва аҳоли сони кўпайиб бормоқда. Бу эса сув ресурсларининг янги миқдори ва сифатини талаб қилади. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб бизга 7 млрд куб метр сув етишмайди. Сувдан оқилона фойдаланиш зарур», — дейилади вазирлик расмий маълумотида.

Boston Consulting Group бошқарувчи директори ва ҳамкор Игор Алексев ўз таклифини билдираркан, Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича барча ташаббусларни амалга ошириш учун тахминан 19 млрд доллар сармоя талаб этилишини қайд этди.

«Шундан 4 млрд доллар насос станциялари ва 6 млрд долларга яқини хўжалик субъектларига сув тежовчи технологияларни жорий этишда субсидиялар учун кетади. Молия ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари билан биргаликда ушбу каналлар функциясини баҳолаган ҳолда каналлар тизимининг моделини ишлаб чиқдик. Энг муҳими эса, маълум бир ҳудудда сувни иқтисодий таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш», — деган Игор Алексев.

Маълумотларга кўра, республика ҳудудларида сув ресурсларининг қўшимча ҳажмларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлиши керак. Булар янги тўғонлар ва янги сув омборлари дегани.

«Панел сессия иштирокчилари бундай механизмларни амалга ошириш учун тўғри ҳуқуқий ва институционал шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидладилар. Тадбирда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини таъминлайдиган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Мутахассислар сув ресурсларидан фойдаланишни яхшилаш, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш технологиялари ва усулларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар», — дейилади вазирлик ахборотида.