28 сентябрь куни «Inter Logistics»га қарашли омборхонада содир бўлган портлашда хонадонлари шикастланган Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Қурувчилар» мавзесида яшовчи кўплаб фуқаролар етказилган зарар ҳалигача тўлиқ қопланмагани ҳақида «Газета.uz»га мурожаат қилди.

Юзлаб хонадонларда портлаш тўлқини дераза ромлари, шишали буюмлар ва мебелларга зарар етказган. Шаҳар маъмурияти етказилган зарарни тезда қоплашга ваъда берганди. Бироқ деярли уч ҳафта ўтгач, кунлар совиётганига қарамай, баъзи хонадонларда ҳали ҳам деразалар ўрнатилмагани маълум қилинди. Уй эгалари бундай ҳолатдаги деразаларни вақтинчалик полиэтилен пакетлар билан қоплаган, айримлари уни мато билан тўсиб қўйган.

сергелидаги портлаш

Портлашдан сўнг дарҳол фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича штаб ташкил этилди. Сергелига шаҳарнинг бошқа туманларидан коммунал хизматлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа ташкилотлар кучлари жалб қилинди.

Дастлабки кунларда оммавий ахборот воситалари деразаларни алмаштириш, биноларни таъмирлаш ва ҳудудларни тозалаш ишларини фаол равишда ёритиб борди.

Ҳозирда аҳвол қандай?

Ташқи томондан қараганда, ҳудуддаги умумий ҳолат яҳшиланган. Таъмирлаш ишлари тугалланиб қолган. Бироқ аҳоли хонадонларида дераза ромлари ва эшиклар шошиб ўрнатилганини айтмоқда.

«Газета.uz» мухбирлари жабрланган аҳоли хонадонларига бориб, портлаш сабабли ҳалок бўлган боланинг оиласи билан ҳам суҳбатлашди. Вафот этган бола Аброрхўжанинг опаси жабрланган онасига қарашиш учун шифохонага борганда нашатир спирти ҳам топа олмагани, шифохонадаги аҳвол ёмонлиги ҳақида гапирди.

«Бунга ким жавоб бериши керак? Буни ким назорат қилади? Нега бу каби иншоотларни турар-жойлар яқинида қуришади? Уларга бунинг учун ким рухсат берган? Жавоб беришсин», — дея таъкидлади марҳумнинг опаси.

сергелидаги портлаш

«Газета.uz» видеорепортажи эълон қилингач, Сергели туман ҳокимияти унга расмий муносабат билдириб, зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш ишлари давом этаётгани ва тўлиқ охирига етказилиши қатъий назоратга олинганини маълум қилди. Аммо хабар орадан кўп ўтмай ўчириб ташланди.

сергелидаги портлаш

«Ҳақиқатан ҳам, баъзи шикаст етиш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларда ҳозирги кунга қадар таъмирлаш ишлари якунига етмагани ва бу ишлар хозирда ҳам давом этаётганини маълум қиламиз. Ушбу ишларнинг ҳанузгача якунланмагани таъмирлаш жараёнига учун зарур бўладиган жиҳозларни (ностандарт дераза, эшик-ромлар) тайёрлашга талаб этиладиган муддатлар билан боғлиқ. Ўз навбатида, „Gazeta.uz“ таҳририяти ва мазкур масалага бефарқ бўлмаган барча ОАВлар ҳамда фаолларга ушбу ҳудуддаги аҳоли учун қайғураётганликларига миннатдорчилигимизни билдирамиз», — дейилганди муносабатда.

Ҳокимлик таъмирлаш ишлари давом этаётгани ва тўлиқ охирига етказилиши қатъий назоратга олинганини билдириб, хонадон эгаларидан келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган.