Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари 2021 йил августида Афғонистондан ушбу мамлакат учувчилари томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган самолёт ва вертолётларнинг келажагига доир музокараларни ҳамон давом эттирмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник 18 октябрь куни «Газета.uz» мухбирига маълум қилди.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания давомида афғон ҳукуматини кўплаб самолёт ва вертолётлар тақдим этган. «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида жами 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан самолётларнинг якуний жойлашуви бўйича ишлашни давом эттирмоқдамиз. Бу ҳақда эълон берамиз», — дейди элчи.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий авиатехникалар ҳамон Сурхондарё вилоятида қолмоқда.

17 октябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Газета.uz» мухбирига ҳолат бўйича «изоҳ беролмаслигини, бу маълумотни ҳарбийлардан сўраш кераклигини» айтганди.

2022 йилнинг сентябрь ойида Американинг Politico нашри АҚШ расмийлари «чегаралар хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш»га доир норасмий келишув эвазига ўз ҳаво кемаларининг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга тақдим этиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Афғонистон муваққат ҳукумати ҳаво кемалари Афғонистоннинг мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини билдирган. Ўшанда элчи авиатехникалар масаласи «ҳукуматлар ўртасидаги муҳокама мавзуси бўлиб қолаётгани»ни таъкидлаганди.

Пентагон расмий вакили Жон Кирби ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон авиатехникаларни Афғонистонга қайтармаслигини айтган.