14−15 август кунлари Ўзбекистоннинг ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтган, ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган, Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йил 15 август куни Қарши шаҳридаги «Хонобод» аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та Embraer 314 русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистоннинг 2 та «МиГ-29» русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.

Лекин кузатув давомида Embraer 314 ва «МиГ-29» самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган.

Шу куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига Ўзбекистон Республикаси чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтишган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.