Ўзбекистон расмийлари Афғонистондан мамлакат ҳудудига кириб келган ҳарбий авиатехникани «Толибон»га қайтариб беришни режалаштирмаяпти, чунки улар Америка Қўшма Штатларига тегишли. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев «Америка овози»га маълум қилди (ўзбек тилидаги интервью).

Гап 2021 йилнинг август ойида «Толибон» ҳаракати ҳукумат тепасига келганидан сўнг афғон ҳарбийлари миниб, Ўзбекистонга қочган 22 та самолёт ва 24 та вертолётлар ҳақида кетмоқда. Яна 18 та афғон ҳарбий техникалари Тожикистонга олиб чиқилган эди.

Январь ойининг бошида Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг мудофаа вазири в.б. Мавлави Мухаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистондан авиатехникани қайтаришни талаб қилди. «Тожикистон ёки Ўзбекистонда турган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз ушбу самолётларнинг хорижда қолишига ёки ушбу давлатлар томонидан ишлатилишига рухсат бермаймиз», — деган эди у.

«Бу учоқларнинг барчаси Америка ҳукумати пулига сотиб олинган. Улар Афғонистоннинг олдинги ҳукуматини молиялаштиришган», — дейди Исматулла Иргашев. У авиатехникалар Ўзбекистон ҳудудида сақланаётганлигини ва уларнинг тақдирини расмий Вашингтон ҳал қилишини билдирган. «Биз бу ҳақда «Толинбон»га ҳам хабар берганмиз», — деди у.

Исматулла Иргашев учоқларнинг Ўзбекистонга келиши қонунга зид бўлганлигини, шу сабабли ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ушбу авиатехниканинг барчаси қамоққа олинганлигини, бу борада суд қарори чиқарилиши кераклигини айтган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари «Америка Овози»га на Ўзбекистон, на Тожикистон самолёт ва вертолётларни қайтаришни режалаштирмаётганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, АҚШ томони ҳалигача ушбу авитехниканинг тақдири ҳақида бирор қарор қабул қилганликлари йўқ.

Норасмий баҳоларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига қўнган самолёт ва вертолётлар бортида 500 дан 600 нафаргача, Тожикистонда эса 140−150 нафар Афғонистон фуқаролари бўлган, дея таъкидлайди «Америка Овози». Сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар аввал БАА, кейин эса АҚШга кўчирилган эди.