2021 йилнинг августида толиблар Кобулни қўлга киритганидан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистонга бориб қолган Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларини жойлаштириш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Пентагонининг расмий вакили Жон Кирби 18 январ куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Гап Афғонистон ҳарбийлари қўшни мамлакатларга қочиб ўтган самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда. Ўтган ҳафта Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқуб авиатехникаларни қайтармаса Ўзбекистон ва Тожикистонни «бунинг оқибатлари кутаётганидан» огоҳлантирган эди.

«Биз ҳозирча мазкур вертолётларни жойлаштириш масаласи устида ишлаяпмиз… Менда улар бўйича қандай йўл тутилишига оид сўнгги маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ, мен ишонч билан айта оламанки, улар „Толибон“ фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмайди», — деди Жон Кирби.

Январь ойи бошида «Толибон» муваққат ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангоний Тошкент ва Душанбе билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.