Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистондан ушбу давлатларга аввалроқ олиб чиқилган ҳарбий самолётларни қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда у сешанба куни Кобулда ўтказилган ҳарбий-ҳаво кучлари машғулотлар чоғида маълум қилди, деб хабар берди TOLOnews.

Гап «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин афғон ҳарбийлари қўшни давлатларга қочган самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда.

Муҳаммад Ёқуб агар давлатлар авиация техникаларини қайтариб бермаса, «оқибатларига дуч келишлари» ҳақида огоҳлантирди. «Тожикистон ёки Ўзбекистонда турган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз ушбу самолётларнинг хорижда қолишига ёки ушбу давлатлар томонидан ишлатилишига рухсат бермаймиз», — деди у.

Мамлакат Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, аввалги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга 40 дан ортиқ вертолёт олиб чиқилган.

Нашр маълумотларига кўра, сешанба куни Россияда ишлаб чиқарилган, техник носозликлар туфайли фойдаланилмай қолган бир қанча вертолётлар таъмирланиб, намойиш қилинган. «Келажак ҳаво кучларимиз ҳеч қайси давлатга боғлиқ бўлмайди», — деди мудофаа вазири вазифасини бажарувчи.

«Толибон» вакили Афғонистон Ислом Амирлиги мухолифларини ҳам муваққат ҳукуматга қўшилишга ва келишмовчиликларни четга суриб қўйишга чақирди. «Келинг, ҳукуматимизни қўллаб-қувватланг ва унга қаршилик кўрсатманг», — деди Муҳаммад Ёқуб.

TOLOnews нашрининг аниқлик киритишича, Афғонистонда аввалги ҳукумат қулагунга қадар мамлакатда 164 та жанговар самолёт бўлган, ҳозирда улар сони 81 та. Қолган техника бошқа давлатларга олиб чиқиб кетилган.

Январь ойи бошида «Толибон» муваққат ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангоний Тошкент ва Душанбе билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.