Ўзбекистон ва АҚШ 2021 йил августида Афғонистондан ушбу мамлакат учувчилари томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган самолёт ва вертолётларнинг келажагига доир музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги янги элчиси Жонатан Хеник пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сентябрь ойида Американинг Politico нашри АҚШ расмийлари «чегаралар хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш»га доир норасмий келишув эвазига ўз ҳаво кемаларининг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга тақдим этиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

«Биринчидан, шуни қайд этишни истардимки, биз Ўзбекистон билан чегаралар хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасида аллақачондан бери кучли ҳамкормиз. Бизда ҳозир чегарадаги хавфсизлик хизмати билан ишлаш, уларнинг ноқонуний айланма ва бошқа бизнеслар олдини олиш бўйича қобилиятларини мустаҳкамлаш бўйича бир неча ишлаб турган дастурларимиз бор. Ушбу ҳамкорлик келгусида янада чуқурлашишига умид қиламиз», — деди Америка дипломатик миссияси раҳбари.

«Авиатехникаларнинг жойлашувига келсак, бу ҳукуматларимиз ўртасидаги муҳокама мавзуси бўлиб қолмоқда. Уларни қаерга жойлаштириш бўйича қарор ҳали қабул қилингани йўқ», — деди Жонатан Хеник.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания давомида афғон ҳукуматини кўплаб самолёт ва вертолётлар тақдим этган. «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида жами 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган эди.

Афғонистон муваққат ҳукумати ҳаво кемалари Афғонистоннинг мулки эканлиги ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканлигини ва уларни қайтариб бўлмаслигини билдирган.