Чехия Ўзбекистоннинг уран ва мисига қизиқиш билдирмоқда ва бунинг эвазига технология ва тоғ-кон ускуналарини таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Чехия бош вазири Петр Фиала айтиб ўтди, деб хабар берди чех телевидениеси. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнининг Чехияга ташрифи 10−11 октябрь кунлари бўлиб ўтди.

«Чехия юқори саноатлашган мамлакат, биз энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга интиламиз. Албатта, бу борада ишончли етказиб берувчиларнинг қазилма бойликларига қизиқамиз. Бунинг эвазига компанияларимиз (Ўзбекистонга — таҳр.) технологиялар ва ноу-хау, масалан, қазиб олиш ва қазиб олинадиган хомашёни қайта ишлаш соҳасида, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш соҳасида таклиф беришлари мумкин», — дея бош вазирдан иқтибос келтиради Прага радиоси.

«Ўзбекистон мис, олтин, уран ва табиий газнинг катта захираларига эга. Шундай қилиб, ушбу хомашёни қазиб олиш чех технологиялари ва ускуналарини етказиб бериш имкониятларини очади», — дейилади Чехия ҳукумати баёнотида.

Учрашувда мудофаа-саноат соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. «Чехия компаниялари (Ўзбекистон — таҳр.) Қуролли кучлар[и] учун ишончли ҳамкор бўлишдан ва шу орқали Совет Иттифоқи давридаги Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникаларга муқобилларни таклиф қилишдан манфаатдор», — дея хабар берди Чехия ҳукумати матбуот хизмати. Петр Фиаланинг сўзларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга мудофаа ва хавфсизлик саноати вакилларидан иборат чехиялик ишбилармонлар делегацияси ташриф буюради.

Чехия бош вазири келгуси йилда Прага ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши кераклигини қўшимча қилди.

Икки давлат ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистон ва Чехия ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Қабул қилинган ҳужжатда ҳар икки давлат ўзаро манфаатли соҳаларда, жумладан, ҳарбий-саноат, иқтисодий ёки маданий, шунингдек, таълим, илмий-тадқиқот ва фан соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани билдирди. Ҳар икки давлат Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий ҳамкорликка ҳисса қўшиш истагини баён этди.

Петр Фиала Абдулла Арипов Чехия Республикасига ташриф буюрган биринчи Ўзбекистон бош вазири эканини таъкидлади. «Бу биз тўғри йўналишда ҳаракат қилаётганимиздан ва муносабатларимиз янги динамика касб этаётганидан далолат беради», — деди у.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Чехияга ташрифи якунлари бўйича умумий қиймати 800 миллион евродан ортиқ бўлган инвестициявий ва савдо ҳужжатлари, шунингдек, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Чехия бош вазири Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон президенти ва бош вазири билан музокаралар олиб борган ва бизнес-форумда иштирок этганди. Чехия томони уран ва мис сотиб олиш, трамвай, поезд ва самолётлар етказиб беришга қизиқиш билдирган. Тўғридан-тўғри парвозларни ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Жорий йилнинг июль ва август ойларида Uzbekistan Airways Зомин, Зарафшон, Шаҳрисабз, Сўх ва кўп йиллардан буён ҳаво қатнови бўлмаган бошқа шаҳарларга парвозларни амалга ошириш учун иккита енгил L-410 самолётини олган.

Ўзбекистон бош вазирининг Чехияга бу галги ташрифи доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» ва Škoda Group ўртасида 320 млн евролик 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Абдулла Арипов буни Ўзбекистон темир йўллари соҳаси учун инқилобий деб атади. Келгуси йилдан паст полли ҳаракат таркибларини ишлаб чиқариш бошланади.