10−11 октябрь кунлари Чехия бош вазири Петр Фиаланинг таклифига биноан Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Бош вазир матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф якунлари бўйича умумий қиймати 800 миллион евродан зиёд инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.

Ҳукумат делегацияси Брно шаҳрида анъанавий тарзда 60 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган «MSV 2023» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этди. Унинг расмий очилиш маросимида Абдулла Арипов сўзга чиқди.

43 давлатдан 1260 та компания иштирок этган кўргазмада Ўзбекистон делегацияси алоҳида стенд билан илк бор қатнашди. «Made in Uzbekistan» миллий стендида металлургия, автомобилсозлик, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги намуналар намойиш этилди.

Прага шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари иштирокида Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда Абдулла Арипов ва Петр Фиала сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ишончни ошириш орқали икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш истиқболларини назарда тутувчи кенгайтирилган ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди.

Делегация раҳбарлари иштирокида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган қуйидаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди:

  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисида битимнинг ижро баённомаси;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида битим.

Ҳукумати делегацияси, шунингдек, мамлакат президенти Петр Павел билан ҳам учрашув ўтказди. Қабулда савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, туризм, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

«Бугун Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Пировардида, хорижий давлатлар, айниқса, Европа Иттифоқи билан тенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон-Чехия ўртасида барча йўналишларда ҳамкорлик кенгаяётгани, вазирлар даражасидаги алоқалар ҳам фаоллашиб бораётгани бунга мисол», — дейилади хабарда.

Расмий ташриф доирасида ушбу мамлакатнинг Škoda (Ўзбекистон компания билан 30 та электропоезд бўйича шартнома имзолади), Omnipol, Crystal bohemia, Primaco ва бошқа етакчи фирма ва компаниялари вакиллари билан тегишли йўналишлар бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш мақсадида бир қатор корхоналарга ташриф буюрилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Чехия саноат маҳсулотларини Европа стандартлари бўйича сертификатлаш соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи экани ҳақида хабар берилганди.