11 октябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» ва Чехиянинг Škoda Group компаниялари ўртасида 320 миллион евролик 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Ўзбек-чех бизнес-форуми доирасида ўтказилган маросимда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирок этди.

Kurier Kolejowy сайтининг Škoda Group компаниясига таяниб хабар беришича, имзоланган шартнома Чехия компаниясининг Ўзбекистонда ютган энг йирик шартномаси ҳисобланади.

Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.

Келгуси йилдан излари ораси кенг бўлган темир йўл (1520 мм) учун тўртта вагонли поездларни ишлаб чиқариш бошланади. Асосий қисмларни ишлаб чиқариш Остравадаги заводда, автомобилларни йиғишнинг бир қисми эса Ўзбекистонда амалга оширилади, дейилади хабарда.

Вагонлар паст полли, Wi-Fi, шунингдек, ички ва ташқи видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлади. Компания Латвия ва Эстония темир йўл операторлари учун худди шундай поэздларни ишлаб чиқаради.

Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.

Лойиҳа Чехиянинг EGAP экспорт суғурта компанияси кўмагида чех банклари томонидан молиялаштирилади.

Абдулла Арипов Чехия поездларини сотиб олиш бўйича келишувни Ўзбекистон темир йўллари учун инқилобий қадам деб атади.

«Бу келишув истиқболли ҳамкорликнинг бошланиши, холос. Биз Škoda компаниясининг Ўзбекистонда улкан салоҳиятга эга эканини биламиз», — деди бош вазир.

«Бизнинг Ўзбекистонга поезд етказиб берувчи сифатида танланганимиз нафақат ускуналаримиз юқори сифатининг исботи, балки халқаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Škoda Group компаниясининг Марказий ва Шарқий минтақа бўйича президенти Зденек Свата.

Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.Фото: Škoda Group / Kurier Kolejowy.

Ўзбекистон Чехиядан 30 та поезд сотиб олаётгани бир кун аввал президентнинг темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорида маълум бўлганди.

Чехия бош вазири Петр Фиаланинг апрель ойида Тошкентга ташрифи чоғида икки давлатнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинганди. Кейин Škoda Transportation компанияси Ўзбекистонга 34 та замонавий поезд етказиб бериш бўйича тендерда иштирок этаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Чехияга ташриф чоғида умумий қиймати 800 миллион евродан ортиқ бўлган сармоявий ва савдо битимлари имзоланган.