10 октябрь куни транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари билан учрашувда Яшил иқлим фондининг «Электромобиллик дастури»ни молиялаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Етти мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур дастурни молиялаштириш бўйича таклиф этилаётган маблағ 170 млн долларни ташкил этади. Унинг 65 млн доллари грант ва қолган 105 млн доллари қарз бўлади.

Ушбу дастур тижорат электромобилларини оммалаштиришдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, электробуслар паркини ва ёрдамчи инфратузилмани жойлаштириш, жамоат транспорти тизимини яхшилаш ҳамда унинг барқарорлигини таъминлаш учун йўналтирилади. Электромобилларни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи 4 та йўналишни ҳам ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТБ Ўзбекистондаги 26 та электр тақсимлаш подстанциясини рақамлаштириш учун 200 миллион доллар, Франция тараққиёт агентлиги эса 70 миллион евро ажратганди.