Ўзбекистонда 2023 йилги қиш мавсумида аномал ҳодисалар бўлиши кутилмаяпти. Бу ҳақда 5 октябрь куни АОКАда об-ҳаво ўзгариши борасида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзгидромет хизмати агентлигининг Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Азимжон Нарзуллаев маълум қилди.

«Қиш мавсуми ҳақида гапирадиган бўлсак, 2023 йилнинг январь ойида бўлгани каби аномал ҳодисалар кутилмаяпти. 2023−2024 йилларнинг қиш мавсумида ҳаво ҳарорати −7…−12 даражагача, шимолда −17…−22 даражагача тушиши мумкин. Об-ҳавода қисқа муддатли бундай совуқ тушишлар одатий ҳол ҳисобланади», — деди Ўзгидромет бошқармаси вакили.

Унинг сўзларига кўра, гидрометеорология соҳасида фаолият юритадиган барча давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқилса, 3 кунлик об-ҳаво прогнозларининг оқланиш даражаси юқори, 5 кунликники эса 80−90 фоизни ташкил этади. 1 ой аввал бериладиганлари эса нормага нисбатан иқлимий маълумотлар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россиянинг Европа қисмидаги шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига республика бўйича аномал совуқ об-ҳаво кузатилган.

Ҳаво ҳарорати кечалари −12…−17 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражача, шимолда кечалари −17…−22 даражагача, Устюртда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда −25…−27 даражагача, кундуз кунлари −7…−10 даражагача, жанубда ва Фарғона водийсида эса кечалари −5…−10 даражагача, кундуз кунлари −2…−5 даражагача пасайган.

Аномал совуқ сабаб ташқаридаги банкоматлар пул чиқармай қолиши ҳолатлари кузатилган, завод ва бошқармаларнинг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида аварияли ҳолатда тўхташлар содир бўлган, мактабгача таълим ташкилотларида таътил эълон қилинган, мактаб ва лицей ўқувчилари, шунингдек, давлат олий ўқув юртлари талабаларининг қишки таътиллари узайтирилган.

Жумладан, энергия таъминотида декабрдан кейин яна инқироз юзага келди. Илгари фақат вилоятларда электр энергия ва газ етказиб беришда узилишлар кузатилган бўлса, бир неча йилдан бери пойтахтликларни ҳам ушбу муаммолар қуршаб олган. Айни изғирин совуқ кунларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва Тошкент аҳолиси «свет» ва газсиз қандай кун кечиргани борасида «Газета.uz» аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганди.

«Газета.uz», шунингдек, аномал совуқдан Ўзбекистон саноати қандай зарар кўргани ҳақида ҳам ёзган.