Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди, дея хабар қилди ЎзА.

Ўқув машғулотлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланади.

Қишки таътил муддатининг 17 январгача узайтирилиши барча бўғиндаги таълим муассасалари, хусусан, нодавлат умумтаълим мактаблари, профессионал таълим муассасалари, нодавлат олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва хорижий ОТМларга ҳам тааллуқли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 2023 йилнинг 11 январи, ОТМларда эса 9 январига қадар давом этиши керак эди.

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг қўшимча қилишича, 10−18-январь кунлари мактабгача таълим ташкилотларида навбатдан ташқари таътил эълон қилиниши муносабати билан мактабгача таълим ёшидаги (3−7 ёшли) болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.