Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси 15 июль куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бир қиз тўрт эркак томонидан зўрланган ҳолат ҳақида ҳабар берди.

Лойиҳага эса қизнинг ота-онаси мурожаат билан чиққан. Яқинларининг сўзларига кўра, қиз ўша куни уйидан 300 метр узоқликда бўлган қариндошиникига борган. Йўлда у қишлоқдошининг уйи ёнида бир гуруҳ маст одамларни кўрган. Қиз уларни айланиб ўтиш учун йўлнинг нариги томонига ўтган. Бироқ, қўшниси унинг қўлидан ушлаб олган ва унга муқаддам судланган яна бир киши қўшилган. Nemolchi.uz уларнинг исмларини ҳам келтирган, уларни асл нашрда кўришингиз мумкин.

Қизни зўрлик билан уйга судраб киришган, уч киши уни калтаклаган ва зўрлаган, қаршилик кўрсатмаслик учун унга пичоқ билан таҳдид қилишган, деб ёзади лойиҳа. Кейин эркаклар танишига қўнғироқ қилиб, уни зўрлашга қўшилишга таклиф қилган. Кейин қизни ўлдираман деб қўрқитиб, яна калтаклашган ва жим туришини айтишган.

Шундан сўнг, қиз қонга беланган кўйлаги билан шок ҳолатда қариндошиникига етиб келган ва туман ички ишлар ходимига мурожаат қилинган. Жабрланувчининг қариндошлари айтишича, туман ИИБ ходими ҳафта охири эканлигини ва шунинг учун душанба куни келишларини айтган, аммо душанба куни у экспертиза учун йўлланма бермаган. Шундан сўнг улар прокуратурага боришга мажбур бўлган, суд экспертизаси эса шундан кейингина — 18 июль куни ўтказилган.

«Гарчи бундай ҳолларда экспертизани тезроқ ўтказиш муҳим бўлса-да, туман ИИБ ходимининг ҳаракасизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли зўрлаш воқеасидан кейин уч кун йўқотилди. У „тасодифан“ ишни кечиктирдими? Яна қанча зўрлаш ҳолатларига индамай турган экан? Нега у учун адолатдан кўра, зўрловчиларнинг репутацияси муҳимроқ? Қандай қилиб у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаши мумкин?», — дея ўртага савол ташламоқда Nemolchi.uz лойиҳаси.

Жабрланувчининг қариндошлари, шунингдек, экспертиза натижалари 24 июль куни эълон қилинганлигини хабар қилишди: биоматериалларда бир нечта намуналар топилган бўлса-да, иш фақат илгари судланган битта гумонланувчига нисбатан қўзғатилган. У Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан (Номусга тегиш) айбланмоқда, у 5−8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

«Афтидан, каттақўрғонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фақат аввал жазо муддатини ўтаб бўлганларнигина айбдор қилишга қарор қилган. Ахир, гуруҳ бўлиб номусга текканлик учун жазо қатъийроқ», — дейилади лойиҳа хабарида.

Қизнинг қариндошлари сўзларига кўра, қолганлар бу ишга жалб қилинмаган. Айтилишича, уларнинг икки нафари Россияга ишлаш учун кетиб қолган.

Nemolchi.uz лойиҳаси Бош прокуратурага ушбу ишни назоратга олиш ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ фаолиятини текширишни сўраб мурожаат қилди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Самарқанд вилояти ИИБ томонидан аквапаркнинг «ярим яланғоч ҳолда одобсиз рақсларни ижро этган» раққосалари билан суҳбат ўтказилганди. Шу билан бирга, қизлар ОИВ инфекцияси, тери ва таносил касалликлари бўйича текширувдан ўтказилгани маълум қилинганди.