Ижтимоий тармоқларда аквапаркда сузиш кийимида рақсга тушган қизлар акс этган видео тарқалди. Видеони эълон қилган каналлардан бири унга «Бу ер Европамас, ўзимизнинг Самарқанд» дея изоҳ ёзиб, «даҳшат» ва «ана холос» тегларини қолдирди.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳолатга муносабат билдириб, воқеа 16 июнь куни Самарқанд туманидаги «Вавилон» чўмилиш ҳавзасида содир бўлганини маълум қилди.

Аниқланишича, Самарқанд туманида яшовчи фуқаро Д.Насимов «оммавий тадбирларни ўтказиш қоидасини қўпол равишда бузиб, 2000 га яқин фуқаро иштирокида тадбир уюштирган».

«Жараёнда бир гуруҳ раққоса қизларнинг ярим яланғоч ҳолатдаги беҳаё ўйинлари, жамоат жойида юриш-туриш қоидаларига амал қилинмагани аниқланди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан тадбир ташкилотчисига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун ЖИБ Самарқанд тумани судига юборилди.

«Тадбирда беҳаё ўйинлар кўрсатган раққосалар тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилиб, ОИТС ва ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олиниб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди», — дейилади бошқарма хабарида.