Президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 5−7 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ, Москва шаҳрида икки давлат етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтади. Давлат раҳбари Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан ҳам учрашади.

Бўлажак учрашувлар кун тартибидан икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларда кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Татаристонга ташриф буюриб, республика раҳбари Рустам Минниханов билан музокара ўтказиши кўзда тутилган.