Октябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонда 2−10 ёшли болаларни ичак гельминтиозидан оммавий даволашнинг навбатдаги босқичи ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.

Сентябрь ойида СЭС кўрсатма хати асосида мамлакатнинг барча ҳудудларида болалар боғчалари ва бошланғич синф мактаб ўқувчилари ичак гельминтиози бўйича лаборатория текширувлари ўтказилди. Ўтказилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида дегелминтизация тадбирларидан икки ҳафтадан сўнг худди шу контингентлар орасида лаборатория текширувлари қайта амалга оширилади, яъни дегелминтизациядан олдин ва кейин болаларда ичак гельминтозлари билан касалланиш даражаси ўрганилади.

Ўтган йилларда ўтказилган бундай тадқиқотлар ўз самарасини кўрсатди, яъни гельминтлар билан касалланиш 3−4 мартага камайди, дейилади қўмита хабарида.

Гельминтиоз — бу инсон танасида, асосан болаларда гельминтларнинг (қуртларнинг) паразитланиши натижасида келиб чиқадиган касаллик.

Оммавий дегелминтизация мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда йилига икки марта амалга оширилади.