Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Сергели туманидаги «Қурувчилар» даҳасидаги портлашда жабрланган уй эгаларига етказилган зарар қоплаб берилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент администрацияга яқин «Манба» Telegram канали хабар берди.

«Моддий зарар 2−3 кун ичида қопланади, бу муаммоларни ҳал қиламиз», — деди фавқулодда ҳодиса жойига етиб келган Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги вазият тўлиқ назоратга олинганини қайд этган. Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан агар бугун тунда рўй берган ҳодиса юзасидан саволлар ёки мурожаат бўлса, 71 210−01−63 рақами орқали Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилиш сўралган.

Ёнғинни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан бирга етказилган зарарни баҳолаш ва босқичма-босқич қоплаш ишлари бошланган.

Мулкига зарар етган фуқароларнинг мурожаатлари 1205 рақами орқали қабул қилинади.

28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Қурувчилар» даҳасида «Inter Logistics» МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Соат 02:43 да ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон соат 02:48 да ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб борган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда кучли портлаш овозини эшитиш мумкин. Яқин атрофдаги хонадонларга шикаст етган. Савдо ва бошқа марказлар жиддий зарар кўрган. Хонадонларга тез ёрдам машиналари етиб борган.

ФВВ ҳодиса «Самолёт қулаши оқибатида содир бўлган» мазмунидаги хабарларни рад этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, портлаш оқибатида жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиалига олиб келинган. Ҳозирга қадар улар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда шифокорлар томонидан жабрланганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.

Даволаш муассасаларида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар ва барча зарур дори-дармон захираси яратилгани таъкидланди. Ёнғин оқибатида воқеа жойи ва унинг атрофидаги хонадонларда жароҳатланганларга ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади вазирлик баёнотида.

Сергели тумани Жиноят қидирув бўлими ходимининг «Газета.uz»га маълум қилишича, портлаш сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Ёнғин ҳали ҳам ўчириб бўлингани йўқ. Жабрланганлар ва шикаст етган транспорт воситалари сони аниқланмоқда.

ФВВ берган янги маълумотга кўра, ходимлар томонидан ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда. Вазият тўлиқ назоратга олинган. Ёнғин соат 05:02 да қуршаб олинган. Ёнғин майдони қисқартирилиб борилмоқда. Воқеа жойида дастлабки дақиқалардан бошлаб ФВВ раҳбарияти ҳамда куч ва воситалари, шунингдек, тегишли ташкилотлар ходимлари иш олиб бормоқда. Ёнғин келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида ФВВнинг махсус лабораторияси ҳодиса жойида иш олиб бормоқда. Воқеа жойида ФВВ раҳбарлигида штаб ташкил этилган, дейилади хабарда.

«Тошкент метрополитени»ни матбуот хизмати хабар беришича, ёнғин содир бўлган ҳудудга яқин бўлган метрополитеннинг Ер усти ҳалқа йўлининг «Қурувчилар» бекатининг меъморий қисмини енгил шикастлаган, аммо бу ҳолат йўловчи ва поездларнинг ҳаракатига таъсир кўрсатмаган. Барча метро бекатларида поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида олиб борилмоқда.