28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Қурувчилар» даҳасида — пойтахт аэропортидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган «Inter Logistics» МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди.
Портлашдан сўнг кучли ёнғин рўй берди, у ҳалигача (ушбу янгилик эълон қилинган пайтгача) тўлиқ ўчирилмаган. Портлаш овози километрлаб узоқликдаги ҳудудларгача эшитилди, тутун ва олов ёруғи бошқа жойлардан ҳам кўринди.
«Газета.uz» мухбири Сабина Бакаеванинг хабар беришича, портлаш тўлқини кўп қаватли уйлардаги ўнлаб хонадонларнинг ойналарини синдирган, уйлар олдида кўплаб тез ёрдам машиналарини кўриш мумкин. Кўпгина аҳоли ўз машиналарида ухлашига тўғри келди. Айрим машиналарга эса шикаст етган.
Воқеа жойида кўплаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва махсус хизматлар бўлиб турибди.
«Газета.uz» мухбири Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етиб келди, бироқ барча беморлар шаҳар клиник шифохонасига юборилаётгани айтилди.
Шаҳар клиник шифохонасида бош шифокор ўринбосари Эрмуҳаммад Сотибалдиевнинг айтишича, жабрланганлар сони аниқланмоқда. Ҳозиргача қанча одам қабул қилингани айтилмади. Кўпгина беморларнинг юзида тирналишлар мавжуд.
Омборхонада содир бўлган ёнғинни ўчиришга Мудофаа вазирлиги вертолёти жалб этилган. Воқеа жойига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам етиб келган. Айни вақтда етказилган зарар ва жабрланганлар сони аниқланмоқда.
Фото
Сабина Бакаева суратлари
Муштарий Оқбоева суратлари
«Манба» Telegram канали
«Газета.uz» мухбирлари воқеа жойида бўлиб, вазиятни ўрганмоқда.