Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жума куни Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига келиб, токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишча, болалар дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган. Бироқ хабарда айнан қайси дори экани айтилмаган. Токсикология бўлими шифокори Муроджон Имомбердиев болалар «Антиструмин» (калий йодид) қабул қилганини тасдиқлади — худди шу препаратни қабул қилганидан кейин 70 дан ортиқ бола Наманган вилояти шифохонасига ётқизилган эди.

андижон, заҳарланиш, шуҳрат абдураҳмонов

«Ҳозирда болаларнинг умумий ҳолати яхшиланмоқда. Шифокорларнинг аниқ маълумот беришларича, беморларда жиддий ёки ҳаёт учун хавфли бўлган ҳеч бир ҳолат мавжуд эмас. Уларнинг аксари саломатлиги қониқарли ҳолга келиб, уйларига қайтмоқдалар», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ўрганиш натижалари олинмагунича, батафсил маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Бир кун аввал Наманган вилоятида мамлакатда ишлаб чиқарилган «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қабул қилган 70 нафардан ортиқ бола касалхонага ётқизилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш якунланмагунча препаратни қўллашни тақиқлади.

Жорий ҳафтадан бутун Ўзбекистон бўйлаб болаларни йодлаш дастури ишга туширилганэди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ вазиятдан «қаттиқ ташвишда», дея маълум қилди унинг матбуот котиби. Давлат раҳбари мунтазам равишда вазият юзасидан ҳисоботлар олиб, масъулларга алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқлар бермоқда.