Актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова «Ўзбекконцерт» давлат муассасасидан узун кесмали кўйлаги учун огоҳлантириш олди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати. Ташкилот актрисанинг фотосуратларини эълон қиларкан, оёқ ва кўйлакнинг тепа қисмини хиралаштирди.

«Сўнгги пайтларда концерт-томоша соҳасида артистнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, концерт тадбирларида репертуаридаги савиявиз ва ноўрин қўшиқлар куйлагани, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилувчи ҳолатларга йўл қўйгани учун айрим ижодкорлар ижтимоий тармоқлар орқали томошабинлар ва санъат мухлисларининг ҳақли эътирозларига ҳамда муҳокамаларига сабаб бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Муассаса хабарига кўра, Нилуфар Ҳамидова «Миллион» ижодий жамоаси концерт дастурида ташкилотчиларнинг эътирозига қарамай, «очиқ либосда» саҳна кўринишини тақдим этган. Бу ҳаракати билан у концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензия талаб ва шартларини бузган, дея маълум қилди «Ўзбекконцерт».

Ижтимоий тармоқлардаги видеода актрисанинг узун кесмали кўйлакда ролини қандай ижро этаётганини кўриш мумкин. «Бу „Очиқчасига гаплашамиз“ кўрсатуви, „Очиқчасига кўрсатамиз“ эмас», — дейди концерт иштирокчиларидан бири. Шундан сўнг Ҳамидова кўйлаги билан оёқларини ёпади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, у ушбу концертда турли хил либосларда иштирок этган.

нилуфар ҳамидова, ўзбекконцерт

«Ўзбекконцерт» ходимлари Нилуфар Ҳамидова билан суҳбат ўтказиб, бундан буён лицензия талаб ва шартларига риоя қилиши тўғрисида огоҳлантирган. «Агарда шу каби ҳолат яна такрорланадиган бўлса, унда қонуний чора кўрилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, бу борада «Миллион» ижодий жамоаси раҳбари Даврон Кабулов билан ҳам суҳбат ўтказилиб, жамоанинг кейинги дастурларига актрисани жалб этмаслик масаласи кўриб чиқилган.

нилуфар ҳамидова, ўзбекконцерт
Даврон Кабулов. Фото: Instagram/davron_kabulov.

Февраль ойида хонанда Каниза «ахлоқсиз» видеолари учун лицензиясидан бир ойга маҳрум қилинганди. Унинг айтишича, танқидларга сабаб бўлган видеода қўшиқчи «иштонсиз» бўлмаган, балки одам териси рангидаги шим кийган. У «Ўзбекконцерт»ни танқид қилиб, маданият вазирининг «саройига» ташриф буюришини айтган.

2019 йилнинг ноябрь ойида хонанда Лола Йўлдошева «Севгингни менга айт» қўшиғига муқобил клип тақдим этиб, унда санъаткорлар ижодини маънавият ва менталитетга мослаштиришга уринишларни кинояли тарзда кўрсатиб берган.

2018 йилда «Газета.uz» колуминисти Никита Макаренко жамиятни «провокацион» клиплар эмас, жаҳолат ва коррупция бузаётгани, «Ўзбекконцерт» акциядорлик жамияти хатти-ҳаракатлари сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи Конституцияга зид экани ҳақида ёзганди.