21 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳа хизматлари бўйича бошқармаси (ЮНОПС) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. У Ўзбекистонда ЮНОПС фаолиятини кенгайтириш ва унинг Марказий Осиё минтақасида саъй-ҳаракатларини оширишга қаратилган, деб хабар қилди ЮНОПС матбуот хизмати.

Ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва БМТ бош котиби ўринбосари, ЮНОПС ижрочи директори Жорж Морейра да Силва имзолади.

юнопс, бмт

ЮНОПСнинг Тошкентдаги ваколатхонаси унинг Марказий Осиёдаги биринчи ваколатхонаси бўлади. «Ишончимиз комилки, бу алоқаларимизни бойитишга, айниқса, „Ўзбекистон — 2030“ стратегияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтиришга хизмат қилади», — деди ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

ЮНОПС Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва эпидемияга тайёргарликни яхшилашга қаратилган бир қанча лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Офис, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, инклюзив ва технологиялар билан таъминланган таълимни рағбатлантириш орқали таълим секторини қўллаб-қувватлаш йўлларини ўрганмоқда.

Имзоланган ҳужжатда асосий эътибор Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга салмоқли ҳисса қўшадиган асосий ижтимоий инфратузилмани, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва транспорт тизимларини қуриш ва реабилитация қилиш каби комплекс лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бу «барқарор иқтисодий ўсишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, замонавий бошқарувга ва хавфсиз ва тинч давлатни яратишга» ҳисса қўшиши керак, дейилади хабарида.